КХДР Исроилдан Ғазодан чиқиб кетишни талаб қилди
Олам
−
12 Август 20289 2 дақиқа
КХДР Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг Ғазо шаҳрининг бутун ҳудудини назорат остига олиш режасини қоралади ва Ғазо секторидан чиқишни талаб қилди. Корея Марказий телеграф агентлиги вазирликнинг расмий вакили баёнотини эълон қилди.
“Исроил ҳукумати томонидан Фаластин секторини тўлиқ эгаллаш тўғрисидаги “қарор” халқаро ҳуқуқни очиқчасига бузади ва халқаро миқёсда тан олинган Фаластин ҳудудини босиб олишга интилиш орқали намоён бўлаётган талончилик моҳиятини яққол кўрсатади”, дейилади баёнотда.
Пхеньян Ғазо секторининг ҳудудий мансублиги ва аҳолиси таркибини бир томонлама ўзгартиришга уринишларни қабул қилиб бўлмаслигини таъкидламоқда.
“Биз Исроилдан фаластинликларга нисбатан ноқонуний қуролли ҳужумни дарҳол тўхтатишни ва Ғазо секторидан бутунлай чиқиб кетишни қатъий талаб қиламиз”, дейилади баёнотда.
Эслатиб зтамиз, жорий йилнинг 8 августга ўтар кечаси Исроил ҳукумати ҲАМАС ҳаракатини “мағлубиятга учратиш” ва Ғазо шаҳри устидан назорат ўрнатиш режасини маъқуллаганди. Бу қарор Исроилнинг юқори мартабали амалдорларининг тунги учрашувидан сўнг – урушни тўхтатиш бўйича халқаро чақириқлар кучайиб бораётганига ва ҲАМАС томонидан гаровга олинганлар тақдиридан қўрққан кўплаб исроилликларнинг норозиликларига қарамай қабул қилинган.
Шундан сўнг, дастлаб Исроил мухолифати ҳукуматнинг ушбу режасини кескин танқид қилди. Хусусан, мухолифат етакчиси Яир Лапид Вазирлар Маҳкамасининг Ғазони эгаллаш ҳақидаги қарори “кўплаб бошқа муаммоларга олиб келиши”ни айтди.
Кейинроқ эса ушбу қарор ортидан Германия “кейинги хабаргача” Исроилга қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатди. Бироқ Германиянинг Христиан-демократик иттифоқи (ХДИ) партиясидан бир қатор депутатлар Германия канцлери Фридрих Мерцнинг ушбу қарорини кескин танқид қилди.
Жорий йилнинг 9 август куни эса Германия, Италия, Буюк Британия, Австралия ва Янги Зеландия Исроил ҳукуматининг Ғазо шаҳрини назоратга олишни кўзда тутувчи янги ҳужум амалиётини бошлаш қарорини қоралаб, қўшма баёнот билан чиқди.
Live
Барчаси