КХДР Байден маъмуриятининг алоқа ўрнатишга уринишларини менсимаяпти – ОАВ
Олам
−
14 Март 2021
6986АҚШнинг янги Президенти Жозеф Байденнинг маъмурияти дипломатик йўллар орқали ҳануз Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) ҳукумати билан алоқа ўрната олмади. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги Оқ уйдаги юқори мартабали манбага таяниб хабар берди.
Манбага кўра, Байден маъмурияти февраль ойи ўртасидан бери КХДР ҳукумати билан алоқа ўрнатишга уриняпти, жумладан, БМТнинг Пхеньяндаги миссияси орқали. Бироқ бу уринишлар ҳозирча самара бермаяпти.
Нашрга кўра, март ойида Байденнинг Жанубий Корея ва Японияга ташриф амалга ошириши фонида Шимолий Корея маъмуриятининг алоқа ўрнатишни истамаслиги хавотир уйғотмоқда.
Манбага кўра, АҚШ ва КХДР ўртасидаги фаол мулоқот бир йил олдин, мамлакатнинг собиқ Президенти Дональд Трамп даврида тўхтаб қолган. Аммо бунинг сабаби очиқланмаган.
Маълумот учун, Дональд Трамп Шимолий Корея раҳбари билан учрашган биринчи АҚШ Президенти бўлган. У 2018 йил ёзида амалга ошганди. Ўшанда КХДРга нисбатан санкциялар юмшатилиши ҳақида гап-сўзлар тарқалганди. Бироқ булар амалга ошмай қолиб кетди.
Жо Байден сайловолди кампанияси пайтида унинг Шимолий Корея раҳбари билан учрашуви фақат КХДР ядровий қуролсизланишга рози бўлган тақдирдагина мумкин бўлади деб айтган. Байден 2021 йил бошида иш бошлаганидан бери унинг маъмурияти АҚШнинг КХДРга нисбатан сиёсати қандай бўлиши ҳақида расмий маълумот бермади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь