Трамп Ким Чен Инга жавоб берди
Олам
−
13 Апрель 2019
8796Аввалроқ, КХДР етакчиси Ким Чен Ин АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учинчи марта учрашишга тайёр эканини билдирганди.
Бугун, 13 апрель куни Америка раҳбари Дональд Трамп Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг учинчи қўшма саммитни ўтказишга тайёрлигига ижобий муносабат билдирди. Бу ҳақда у Twitter’даги саҳифасида ёзиб қолдирган.
“Мен Шимолий Корея етакчиси билан айни фикрдаман. Муносабатларимиз жуда яхши, балки, “аъло” десак, янада аниқ бўларди. Учинчи саммит бизнинг ҳар биримиз қандай позицияда турганимизни аниқлаш учун қўл келарди”, деган Трамп.
Трамп Ким Чен Ин номига мақтовлар ҳам ёғдирди. Хусусан, Ким Чен Ин билан Шимолий Кореяни порлоқ келажак кутиб турганини таъкидлади.
“Шимолий Кореяда Ким Чен Ин раислигида иқтисодий ривожланиш ва тараққиёт учун улкан потенциал мавжуд. Мен сабрсизлик билан ядровий қурол ва санкцияларсиз кун келишини кутаман. Тез орада ўша кун келиши мумкин. Ўшанда Шимолий Корея дунёнинг энг омадли давлатларидан бири бўлади”, деган АҚШ Президенти.
Маълумот учун, Ким Чен Ин Дональд Трамп билан учрашувга тайёрлигини билдириб, АҚШни Корея яриморолини денуклеаризация қилиш бўйича музокараларга бошқачароқ ёндашишга чақирган. Шу тариқа, навбатдаги музокаралар муваффақиятли ўтишини таъминлаш мумкинлиги таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, Ким Чен Ин ва Дональд Трампнинг иккинчи учрашуви 27-28 февраль кунлари Вьетнам пойтахти Ханой шаҳрида бўлиб ўтганди. Учрашув муваффақиятсиз якунланганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь