Кисида Абэнинг ўлдирилишида полицияни айблади

Олам

image

Япония собиқ Бош вазири Синдзо Абэнинг ўлдирилиши унинг ҳимоясини таъминлаш тизимида муаммолар борлигини кўрсатди. Бу ҳақда бугун, 14 июль куни Япониянинг амалдаги Бош вазири Фумио Кисида матбуот анжуманида маълум қилди. 

"Очиғини айтсам, хавфсизлик тизимида муаммолар бор эди, деб ўйлайман. Мен ҳар томонлама таҳлил қилиниб, вазият тезда тузатилишини истардим", дейди у. 

Абэ ўлдирилганидан кейин полиция ва хавфсизлик хизматлари қаттиқ танқид қилинди. Тергов гуруҳидаги маҳаллий ОАВ манбасига кўра, қотил биринчи ўқни етти метр масофадан узган, шундан сўнг у собиқ Бош вазирга яна икки метр яқинлашиб, беш метрдан иккинчи ўқни узишга муваффақ бўлган. Гувоҳлар томонидан олинган кадрларга кўра, улар орасида тахминан уч сония ўтган. 

Аввалроқ Япония полицияси бош бошқармаси раҳбари Итару Накамура ҳам полиция Абэни ҳимоя қила олмаганини тан олганди. Унинг сўзларига кўра, энди асосий вазифа терговни якунлаш, шунингдек, полиция ходимларининг ҳаракатларидаги фожиага сабаб бўлган камчиликларни аниқлаш ва тузатишдан иборат. Накамуранинг қўшимча қилишича, бу вазифа билан шуғулланиш учун махсус гуруҳ тузилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 июль куни Синдзо Абэ 10 июль куни бўлиб ўтадиган парламент сайлови олдида кўчада ташвиқот тадбирида нутқ сўзлаётган вақтида отиб кетилди. 41 ёшли япониялик Тэцуя Ямагами қўлбола ўқотар қурол билан уни икки марта отиб ташлади. Абэ қутқарув вертолётида шифохонага етказилди. Шифокорлар унга қон қуйишди ва бир неча соат давомида унинг ҳаёти учун курашдилар. Собиқ бош вазир маҳаллий вақт билан соат 17:03 да вафот этди, у 67 ёшда эди. 

2002 йилдан 2005 йилгача мамлакатнинг денгиздаги ўзини ўзи мудофаа қилиш кучларида хизмат қилган эркакнинг уйидан портловчи моддалар топилди. Эркакка расман қотиллик айблови қўйилган.

Маълумот учун, Синдзо Абе икки марта, 2006-2007 ва 2012-2020 йилларда Бош вазир лавозимида ишлаган. 1954 йилда туғилган Абэ Иккинчи жаҳон урушидан кейин Япониянинг энг ёш Бош вазири бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Синдзо Абэ

Баҳолаганлар

173

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг