Кимлар АҚШ визасини суҳбатсиз олиши мумкин?
Олам
−
07 Октябрь 2023
20222АҚШнинг иммиграция қонунчилигига мувофиқ, айрим ноиммиграцион визага мурожаат этувчилар суҳбатдан ўтмай туриб, визасини янгилаши мумкин. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.
Унга кўра, бундай имкониятга эга бўлиш учун мурожаатчилар фуқаролигидан қатъий назар, ҳали ҳам яроқли ёхуд муддати тугаганига 48 ойдан ошмаган визаси билан худди шу турдаги виза олишга мурожаат қилиши мумкин.
Аммо қуйидаги шахслар ушбу талабларга жавоб бермайди:
- Қаерда яшашидан қатъий назар, аввалги визалари Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида берилган бўлса;
- Охирги виза мурожаат бўйича рад жавоби олинган бўлса;
- Мурожаатчининг ҳозирдаги ёки олдин олган визаларида “clearance received" аннотацияси қайд этилган бўлса;
- “Ёзги таътилдаги иш ва саёҳат” (Summer Work and Travel) дастури иштирокчилари;
- Агар F, M, ва J виза турлари бўйича виза олган мурожаатчиларнинг SEVIS'и, ўқув дастури ва ўқиш жойи ўзгарган бўлса;
- Охирги сафар виза олганидан сўнг мурожаатчи 14 ёшга тўлган бўлса.
“Шуни таъкидлаб ўтамизки, АҚШ иммиграцион қонунчилигига асосан, консул ҳар қандай мурожаатчини суҳбатга чақириш ҳуқуқига эга”, дея қўшимча қилган элчихона.
Барча талабларга жавоб берувчи шахслар электрон анкета тўлдириши ва анкетасининг тасдиқланган саҳифаси, аввалги АҚШ визасининг нусхаси ва ҳозирги паспортининг нусхасини бириктириб, электрон почта орқали юбориши керак. Шундан сўнг, АҚШ элчихонаси электрон манзил орқали мурожаатчининг ҳужжатлар топшириш учун ташриф буюрадиган санасини маълум қилади.
Маълумот учун, сафарга бирга кетаётган оиладан фақат бир киши онлайн рўйхатга ёзилиши лозим. Рўйхатга ёзилган оила аъзоси барча талаб этиладиган ҳужжатларни АҚШ элчихонасига бориб топшириши керак.
Эслатиб ўтамиз, Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси DV-2025 (Diversity Visa – Green Card) дастурига мурожаат этиш бўйича 10 та муҳим маслаҳат берганди.
LiveБарчаси