Ким тугмани босди: янги “ядровий кема” навбатчиликка киришди
Олам
−
16:57 2406 3 дақиқа
Шимолий Корея жорий йилнинг 6 сентябрь куни Вонсан шаҳрида “Чхве Хён” синфидаги иккинчи ракета ташувчи ҳарбий кема – “Кан Кон”ни ҳарбий-денгиз кучлари таркибига қабул қилди. Бу ҳақда маросимда иштирок этган Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин маълум қилди.
Қайд этилишича, 5 минг тонна сув сиғимига эга “Кан Кон” Шимолий Корея ҳарбий-денгиз кучларининг Шарқий денгиз флотида хизмат қилади. Маросимда Ким Чен Иннинг рафиқаси Ри Сол Жу ва қизи Ким Жу Э ҳам иштирок этган.
Ким Чен Ин кемани оддий мудофаа воситаси эмас, балки “зарба берувчи эсминец” деб атаган. Унинг айтишича, кема мамлакатнинг ядровий жавоб тизимининг бир қисми бўлади.
Маълум қилинишича, “Кан Кон” “Чхве Хён” ракета ташувчи ҳарбий кемасида қўлланадиган қурол тизимлари билан жиҳозланган. Ушбу синфдаги кемалар қанотли ракеталар ва бошқа ракета тизимларини олиб юриши мумкин. Айрим қанотли ракеталар ядровий каллакларни ташишга қодир деб ҳисобланади.
“Кан Кон”нинг қурилиши ҳам муаммоли кечган. Кема 2025 йил май ойида илк бор сувга туширилаётган пайтда ёнбошлаб, қисман ағдарилиб кетган. Шундан кейин у қутқарилиб, таъмирланган ва тахминан бир ой ўтиб қайта сувга туширилган. Ўтган йил июль ойида Шимолий Корея “Кан Кон” иштирокида стратегик қанотли ракеталар ва бошқа қурол тизимларини синовдан ўтказган.
Шимолий Корея июнь ойида ушбу синфдаги биринчи ракета ташувчи ҳарбий кема – “Чхве Хён”ни ҳам ҳарбий хизматга қабул қилган. У Ғарбий денгиз флотига жойлаштирилган. Шу тариқа Пхеньян мамлакатнинг шарқий ва ғарбий соҳилларида янги авлод ракета ташувчи ҳарбий кемаларга эга бўлди.
Ким Чен Ин маросимда Шимолий Корея ҳарбий-денгиз кучларини кучайтириш бўйича “муҳим режа” амалга оширилаётганини айтиб, унинг натижалари саккиз ой ичида намойиш этилишини билдирган. Бироқ у режанинг тафсилотларини очиқламаган.
Шунингдек, Пхеньян келгуси йилларда 5 минг тоннадан ортиқ сув сиғимига эга янги ҳарбий кемалар ва 10 минг тоннали йирик кемаларни қуришни режалаштирмоқда. Мамлакат ядровий двигателга эга сувости кемасини яратиш устида ҳам ишламоқда.
“Кан Кон”нинг хизматга қабул қилиниши АҚШ, Жанубий Корея ва Япония иштирокидаги беш кунлик “Freedom Edge” қўшма ҳарбий машғулотлари бошланиши арафасида амалга оширилган. Пхеньян эса бундай машғулотларни ўзига нисбатан ҳарбий таҳдид деб ҳисоблайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея АҚШнинг мамлакатни ядровий қуролсизлантириш ҳақидаги чақириқларини рад этиб, ядровий қуролларини сақлаб қолиши ва ядровий салоҳиятини кучайтиришда давом этишини маълум қилган эди.
Live
Барчаси