Ким Чен Инга қарши давлатлар денгиздаги кучларини бирлаштирмоқда 

Олам

image

Корея Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари Ҳарбий-денгиз кучлари, шунингдек, Япония Мудофаа вазирлигининг денгиз кучлари самолёт ташувчи кема иштирокида икки кунлик ўқув машғулотларини ўтказади. Бу ҳақда бугун, 3 апрель куни Корея Республикаси Миллий мудофаа вазирлиги маълум қилди.

“Корея Республикаси Ҳарбий-денгиз кучлари 3-4 апрель кунлари Жежу-до жанубидаги очиқ денгизда АҚШ ва Япония иштирокида сув ости кемаларига қарши уруш ва қидирув-қутқарув машқларини ўз ичига олган уч томонлама машғулотлар ўтказишни режалаштирмоқда”, дейилади вазирлик баёнотида.

Қайд этилишича, машқларни АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг 11-ташувчи зарба бериш гуруҳи қўмондони Кристофер Суни олиб боради. Жанубий Корея томони “Юльгок Ли И”, “Чхве Ён”, “Тэ Чжо Ён” эсминецлари (юқори тезликдаги кўп мақсадли жанговар кема), Америка томони эса Nimitz авиаташувчи кемаси ва иккита эсминец билан иштирок этади. Япония Мудофаа вазирлиги ҳам қўшма машғулотларга битта кема юборган.

“Уч томонлама сув ости кемаларига қарши машғулотлар охирги марта олти ой олдин – 2022 йилнинг сентябрида бўлиб ўтган. Ҳозиргиси Корея Республикаси, АҚШ ва Япониянинг Шимолий Кореядан келаётган таҳдидларга жавоб бериш қобилиятини кучайтиришга қаратилган”, дейилади расмий Сеул баёнотида. 

Миллий мудофаа вазирлигининг қўшимча қилишича, уч томонлама қидирув-қутқарув машғулотлари 7 йил ичида биринчи марта ўтказилади. Мазкур қўшма машғулотларда уч мамлакат ҳарбийлари сув ости таҳдидларини аниқлаш, кузатиш, маълумот алмашишни машқ қилади.

Эслатиб ўтамиз, март ойи охирида Ким Чен Ин сув ости ҳужуми учун мўлжалланган ядровий дронни 2 маротаба синовдан ўтказган эди. Биринчи синовда дрон сув остида 80-150 метр чуқурликда 59 соатдан кўпроқ вақт давомида ҳаракатланиб, шарқий соҳилдаги сувларда ядровий бўлмаган юкни портлатиб юборганди. Иккинчи синовда эса қурилма 41 соат 27 дақиқа овал ва зигзаг траекториясида тахминан 600 км масофани босиб ўтган ва макет ядро зарядини портлатиб юборганди. Шундан сўнг АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Nimitz ядровий самолёт ташувчи кемаси Корея Республикаси ҳарбий-денгиз кучлари билан ярим орол жанубидаги сувларда қўшма машғулотлар ўтказиб, Жанубий Кореянинг Пусан порт шаҳрига етиб келганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ким Чен Ин Япония Корея

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made