Ким Чен Ин ядровий ҳужумга шайланяпти
Олам
−
20 Март 2023
9244Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакат Қуролли кучлари урушнинг олдини олиш учун исталган вақтда ядро қуролидан фойдаланишга тайёр туриши кераклигини айтди. Бу ҳақда бугун, 20 март куни Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Ким Чен Иннинг сўзларига кўра, давлатнинг биргина ядровий мақоми урушнинг олдини ололмайди. Бунинг учун ядро кучлари душманга зарба беришга мукаммал тайёр бўлиши ва уларнинг жанговар шайлиги доимо душманда қўрқув уйғотиши зарур. Унинг айтишича, КХДРга нисбатан душманнинг тажовузкорлиги янада ойдинлашиб бораётган ҳозирги вазият мамлакатдан ўзининг ядровий қудратини кучайтиришни талаб қилмоқда.
Манбага кўра, 18-19 март кунлари мамлакатнинг қарши ҳужумга ўтиш қобилиятини кучайтириш чораси сифатида “душманнинг муҳим нишонига” ядро зарбасини тақлид қилувчи тактик машқлар ўтказилган. Ушбу ракета машғулотлари АҚШ ва Жанубий Корея КХДРга бостириб кириш бўйича ҳарбий машғулотлар кўламини кучайтиргани ва Вашингтон Корея ярим оролига стратегик ядро қуролларини жойлаштиргани сабабли ўтказилган.
Машғулотларга Ким Чен Иннинг ўзи раҳбарлик қилган. У билан бирга қизи Ким Чжу Э ҳам машқларда иштирок этган. Машғулотлар бир неча қисмларга бўлинган: қўмондонлик-назорат машқлари, ядровий қарши ҳужумга тайёргарлик, сохта ядро каллакли баллистик ракетани учириш. Машқнинг биринчи куни жавоб зарбасини тайёрлаш жараёни ишончли ва тез ишлаётганини кўрсатган.
Иккинчи куни симуляция қилинган тактик ядровий зарба сифатида баллистик ракета учирилган. Унинг ишга туширилиши қўшни давлатлар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмаган. У тахминан 800 км парвоз қилган ва белгиланган жойда Япон денгизи сувларидан 800 метр баландликда портлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 март куни АҚШ ва Жанубий Корея ҳарбийлари “Озодлик қалқони” деб аталувчи қўшма ҳарбий машғулотларини бошлаган эди. Бу машғулотлар Шимолий Корея таҳдидларига қарши қаратилган бўлиб, 11 кун давом этиши режалаштирилган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15