Ким Чен Иннинг Путинга қандай тилаги бор?

Олам 5521
photo_2019-04-18_18-03-47

Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин ва КХДР етакчиси Ким Чен Ин жорий йилнинг апрель ойида учрашиши ҳақида хабар берган эдик.

Икки давлат раҳбарларининг учрашув санаси маълум бўлди. Ким Чен Ин 7 йилдан бери раҳбарлик қилаётган ва КХДР 2018 йилда фаол ташқи сиёсат олиб борган бўлса-да, Россия раҳбари билан учрашув биринчиси бўлади. Узоқ кутилган музокаралар 25 апрель куни Россиянинг Узоқ Шарқдаги Владивосток шаҳрида бўлиб ўтади.

Ким Чен Ин 24 апрель куни 230 кишилик делегация билан Владивостокга етиб келади. У ерда Узоқ Шарқ федерал университети кампусининг люкс хонасига жойлашади.

Эртаси куни икки давлат раҳбарининг музокаралари бўлиб ўтади. Ундан кейин Путин Хитойга йўл олади. У ерда Хитой ташаббуси бўлган “Бир макон, бир йўл” форумида иштирок этади. Ким Чен Ин эса Владивостокда қолиб, отаси Ким Чен Ир 2002 йилда Россияга ташрифи давомида ташриф буюрган диққатга сазовор жойларда бўлади.

Россия ва КХДР муносабатлари асосан тарихга бориб тақалади. СССР Корейс урушидан кейин Шимолий Кореяни қўллаб-қувватлаб, унга ёрдам бериб келган. Аммо собиқ Совет Иттифоқи парчалангач, алоқалар яхши бўлмаган. Расмий Москва 2000-йиллардан расмий Пхеньянга нисбатан прагматик сиёсат олиб бора бошлади. Россия ва КХДР Шимолий Кореянинг ядро дастури бўйича ҳамкорлик йўлга қўйди. Бироқ бу у даражада фаол бўлмади. Бу борада Хитой КХДРга катта ёрда бериб келади.

Ким Чен Ин ва Владимир Путин учрашувидан нимани кутишимиз мумкин? Мутахассисларнинг фикрича, бу шунчаки ўзаро танишувдан нарига ўтмайди. Музокара мавзуларидан бири Россияда ишлаётган ва 2019 йил охирида ватанига қайтиши керак бўлган кореялик ишчилар масаласи бўлиши мумкин. Назарий жиҳатдан Шимолий Корея ишчи кучидан чет элда фойдаланиш БМТ резолюцияси билан тақиқланган. Ким Чен Ин Путиндан бу масалада “юмшоқроқ” сиёсат олиб боришни сўраши мумкин. Негаки, Шимолий Корея ишчи кучини Россияда ишлаши КХДРга бироз бўлса-да хорижий валюта киришини таъминлайди.

Шунингдек, Ким Чен Ин Кремлдан БМТ қўйган иқтисодий санкцияларни юмшатиш масаласини кўтаришни сўраши мумкин. Аммо бу масалага БМТ Хавфсизлик Кенгашида ижобий фикр билдирилиши даргумон.

Учрашувнинг яна бир сабаби КХДРнинг ички сиёсати билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ким Чен Ин ўзини яна бир бор оқил, ақилли ва муваффақиятли дипломат сифатида намойиш қилмоқчи. Ким Чен Инга отасидан жуда оғир ва машаққатли юкни мерос қилиб олган ёш сиёсатчи сифатида қарашади. Аммо у ўтган вақт ичида минтақадаги муҳим кишилардан бирига айланиб улгурди.

Ким Чен Ин АҚШ Президенти Дональд Трамп, ХХР раиси Си Цзиньпин, Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Ин билан учрашиб улгурди. Тез орада Путин билан ҳам учрашади. Бу учрашувлар унинг шахсий обрўъсига ижобий таъсир қилади.

КХДР ҳеч қачон ташқи оламдан тўла узилиб қолмаган. У доим янги алоқалар излаган. Аммо у ўзига ички сиёсатига таъсир кўрсатмайдиган ҳамкорлар қидирган. КХДР кўплаб санкцияларга қарамай Осиё ва Африканинг қатор давлатлари билан савдо алоқаларини сақлаб қолган. Унинг асосий ҳамкори эса Хитой.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 97
Рейтинг: 2.8
Будьте в курсе событий!
×
×