Киллер. Ариғидан қон оқаётган Рафаҳ
Таҳлил
−
29 Май
7586“Дунё Фаластин тарихидаги энг катта фалокатга гувоҳ бўлади". Бу сўзларни 28 апрель куни Фаластин Президенти айтганди. У Исроилнинг Рафаҳга ҳужум уюштирмоқчилиги ҳақида гапирар экан, бу зарба фаластинликлар учун оғир бўлиши, қўшни давлатлар Миср ва Иордания фаластинлик қочқинларни қабул қилишдан қатъий бош тортганини билдирган ва АҚШдан Исроилни тўхтатишни сўраганди. Аммо… Мана бир неча кундан буён ижтимоий тармоқлар “Ҳамманинг кўзи Рафаҳда” ёзуви акс этган постлар билан тўлиб кетди. Бутун дунё юлдузлари Фаластинда бегуноҳ инсонларнинг қурбон бўлаётганини қоралаяпти. Хўш, нима учун Рафаҳ бундай катта шов-шув уйғотди?
Гап шундаки, 2023 йил 7 октябрда Исроилнинг йирик ҳужумлари бошланганидан бери Ғазо секторининг 2,3 миллион аҳолисидан 1,9 миллиони уй-жойини тарк этган. Кўчирилганларнинг аксарияти Исроил аввалроқ “хавфсиз ҳудуд” деб эълон қилган Рафаҳга йўл олган. Шундай қилиб, Исроил ҳужумларидан бошпана истаган бир ярим миллион одам Рафаҳга ўрнашган. Бундан ташқари, Рафаҳ ҳозирда Исроил томонидан ишғол қилинмаган сўнгги ҳудуд бўлиб қолмоқда.
Исроил ўзи “хавфсиз” деб эълон қилган ҳудудга шу вақтга қадар жуда кўп ҳужумлар уюштирди. 8 апрель куни Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху барча гаровга олинганларни озод қилиш ва ҲАМАС устидан тўлиқ ғалабага эришиш мақсадида Рафаҳга ҳужум уюштирилишини, ҳужум санаси эса аллақачон белгиланганини билдирди. Кейинроқ Америка нашри CNN Исроил Эрон ҳужуми туфайли Рафаҳдаги операцияни кейинга қолдирганини хабар қилди. Аммо 16 апрель куни Раҳафдаги Ас-Салом туманида жойлашган вақтинчалик турар-жойлар ўққа тутилди. Оқибатда икки аёл ва беш бола қурбон бўлди.
26 апрель куни эса қочқинларни ўз ҳудудига киритишни истамаётган Миср Исроилни бўладиган талафотлардан огоҳлантириш ва ҳужумни тўхтатишга чақирди. Хўш, нима учун Миср ўз эшикларини очмаяпти-ю, лекин Исроилни огоҳлантиряпти, дерсиз? Гап шундаки, Миср агар қочқинларни ўз ҳудудига киритса, миссия якунлангандан сўнг Исроил Фаластин ерларини бутунлай эгаллаб олиши ва фаластинликларни қайтиб бу ҳудудларга қабул қилмаслигини айтмоқда. Бу қайси бир маънода тўғри ҳам. Чунки Исроил Ғазо секторидаги Рафаҳдан бошқа ҳудудларни аллақачон ишғол қилиб бўлди.
Шу вақтга қадар қурол-яроғ билан таъминлаб, Исроилнинг суянчиғи бўлиб турган АҚШ эса ишончли гуманитар режасиз Рафаҳ операциясини қўллаб-қувватлай олмаслигини таъкидлади. АҚШга ҳалироқ яна тўхталамиз.
Исроилнинг навбатдаги ҳужуми 29 апрелга ўтар кечаси уюштирилди. Ушбу ҳаво ҳужуми оқибатида камида 22 киши ҳалок бўлди, улардан олти нафари аёл ва беш нафари ёш бола бўлиб, болалардан бири атиги 5 кунлик эди. Бир кечада содир бўлган ҳужумларда учта оиланинг уйига зарба берилган.
Шундан сўнг Исроил ҲАМАСга маҳбусларни алмашиш келишувини таклиф қилди. Эвазига эса февраль ойидан буён тайёрланаётган Рафаҳ ҳужумини тўхтатишини билдирди. Келишувга кўра, ҲАМАС 40 нафар исроилликни, Исроил эса икки баробар кўпроқ одамни озод қилиши керак эди. Аммо бундан бир неча кун аввал бош вазир Нетаньяху ушбу келишувларга қарамай, Рафаҳга ҳужумлар тўхтатилмаслигини айтганди. ҲАМАС таклифни қабул қилишга шошилмади. Алалоқибат, таклиф қабул қилинди, аммо Исроил “энди кеч” дегандек, асирларни алмашмади ва ҳужумни давом эттирадиган бўлди.
Бу орада у ўқ-дори етказиб беришни тўхтатиб қўйган АҚШ ҳукуматини Рафаҳ шаҳрига қуруқликдан ҳужум қилганида фаластинлик тинч аҳолини эвакуация қилиш режаси ҳақида хабардор қилди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эса Вашингтон бу операцияни қўллаб-қувватламаслигини, чунки оммавий ҳужумлардан кўрилган зарарни қабул қилиб бўлмаслигини айтди. Шу сабабли ҳам Америка Исроилга 3,5 минг бомба етказиб беришни тўхтатди. Аммо Вашингтон мудофаа қобилиятини сақлаб қолиш учун зарур бўлган "Темир гумбаз" ҳаво мудофаа тизими учун снарядларни етказиб беришда давом этишини билдирди. БМТ, АҚШ Президенти Жо Байден ва Ғарб расмийларининг Рафаҳга мумкин бўлган қуруқлик ҳужуми тинч аҳолининг кўпроқ қурбон бўлишига ва гуманитар инқирознинг кучайишига олиб келиши ҳақидаги огоҳлантиришларига қарамай, Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху ЦАХАЛ “операция”ни амалга оширишини маълум қилди.
Шундан сўнг, Исроил армияси Рафаҳ шарқида жойлашган маҳаллаларни эвакуация қилишни бошлади. Узоқ тайёргарлик кўрилган ҳаво ҳужуми эса 7 май куни бошланди. Дастлаб Исроил Рафаҳ ўтиш жойи яқинидаги ҳудудларга зарба берди, сўнгра Ғазо томонидаги назорат-ўтказиш пунктининг бир қисми тўлиқ эгаллади.
Исроилнинг қуруқликдаги ҳужумига қарши давлат раҳбарлари қаторига Хитой Раиси Си Цзиньпин ва Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам қўшилди. Улар Ғазога катта ҳажмдаги гуманитар ёрдам етказиш ва минтақадаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун зудлик билан ўт очишни тўхтатишга ва барча маҳбусларни ҳеч қандай шартларсиз зудлик билан озод қилишга чақирди. Аммо Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Ғазодаги операция ҲАМАС ҳаракати бутунлай йўқ қилиниб, гаровга олинганлар озод қилингунигача давом этишини айтди. Бош вазир Бинямин Нетаньяху эса исроилликлар керак бўлса, якка ўзи жанг қилишга тайёр эканини билдирди.
"Агар ўзимиз учун ёлғиз туришимиз керак бўлса, демак, ўзимизни ўзимиз ҳимоя қиламиз. Керак бўлса, тиш-тирноғимиз билан курашамиз ва ғалаба қозонамиз", деган Нетаньяху.
Шундан сўнг, Исроил армияси Рафаҳ шаҳри аҳолисини шаҳарнинг шарқий қисмидаги бир қанча ҳудудларни тарк этишга чақирди. Исроил ҳарбийлари томонидан Х ижтимоий тармоғида ва СМС-хабарлар орқали тарқатилган араб тилидаги хабарда тарк этилиши керак бўлган аниқ ҳудудлар, жумладан, қочқинлар учун иккита лагерь қайд этилган. Аҳолига зудлик билан Ўрта ер денгизи соҳилидаги Ал-Мазори лагерига кўчиб ўтиш буюрилган.
Тинимсиз Исроилни огоҳлантирган, унга қуроллар етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилган АҚШ 14 май куни бирдан яна Исроилга қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ янги қурол пакетини етказиб бериш нияти ҳақида маълум қилди. Пакетга зирҳли техникалар учун 700 миллион доллар, бошқа ҳарбий техника учун яна 500 миллион доллар ва миномётлар учун 60 миллион доллар маблағ кириши мумкин.
Бу вақтда Исроил қуруқлик ҳужумларини кенгайтиришга киришди ва Рафаҳ шаҳрига қўшимча бўлинмаларни юборди. Шундай қалтис вазиятда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва ишлар агентлиги Рафаҳ шаҳрида озиқ-овқат, сув ва бошқа инсонпарварлик ёрдамларини тарқатишни тўхтатди. Бунга эса жанглар туфайли озиқ-овқат тарқатиш ҳам ходимлар, ҳам маҳаллий аҳоли учун хавфли бўлишини сабаб қилиб келтирди.
Халқаро суд Исроил ҳужумларни зудлик билан тўхтатиши кераклиги ва гуманитар ёрдам етказиб бериш учун Ғазо секторининг Миср билан чегарасида назорат пункти очиши ҳақида қарор чиқарди. Унга кўра, Исроил бир ой ичида кўрилган чоралар ҳақида ҳисобот бериши керак эди. Аммо Исроил яна ҳарбий ҳужумларни давом эттиришини билдирди. Исроил вазири эса безбетларча Халқаро суд судьяларини ҲАМАСни исроиллик маҳбусларни озод қилишга кўндириш учун Ғазога таклиф қилди. 24 май куни Халқаро суднинг Исроилга қарши қабул қилинган қарорига қарамай, мамлакат армияси Рафаҳ шаҳрини иккинчи марта ўққа тутди. ҲАМАС ҳам ушбу операцияларга жимгина қараб тургани йўқ. 26 май куни Рафаҳдан Исроил томон 8 та ракета учирилди. Уларнинг бир нечтаси Исроилнинг мудофаа тизими томонидан тутиб олинди. Шу куни Исроилнинг марказий қисмида сўнгги тўрт ой ичида биринчи марта ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди ва сиреналар янгради.
Тармоқларни ларзага келтирган катта ҳужум 27 май куни ушбу 8 та ракетага жавобан содир бўлди. Исроил кучлари Рафаҳ шимоли-ғарбидаги Тал ас-Султон ҳудудида ўрнатилган қочқинлар лагерига ҳужум қилди. Бомбалаш оқибатида камида 35 фаластинлик ҳалок бўлди. Улар орасида аёллар ва болалар кўп. Кейинроқ қурбонлар сони 45 нафарга етгани, яна 249 фаластинлик яралангани маълум бўлди. Маҳаллий ахборот агентлигига кўра, чодир лагерига камида саккизта ракета урилган. Ҳужум оқибатида ёнғин чиқди ва чодирлардаги кўплаб одамлар тириклайин ёниб кетди. Айни шу вақтда Жабалия ва Нусейрат қочқинлар лагерлари ҳамда Ғазо шаҳрига ҳам бомбалар ташланган. Шу куннинг ўзида камида 160 киши ҳалок бўлгани маълум қилинди.
Шундан сўнг, Рафаҳ назорат-ўтказиш пунктида Исроил ва Миср ҳарбийлари ўртасида тўқнашув бўлди. Билдирилишича, дастлаб Фаластин қуролли қаршилик кўрсатиш тарафдорлари ва Исроилликлар ўртасида отишма содир бўлган, кейинроқ ушбу ишга Мисрликлар аралашган. Можаро чоғида бир исроиллик ва бир нафар Миср хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлган.
Ушбу ҳаво ҳужуми сабаб БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳамда Туркия Президенти Ражаб Тоиб Эрдўған Исроилни қоралади. Эрдўған яҳудий давлати Бош вазири Бинямин Нетаньяхуни Адольф Гитлерга қиёслади. Франциянинг БМТдаги доимий вакили Николя де Ривьер Хавфсизлик Кенгаши Рафаҳда ҳарбий ҳаракатларнинг олдини олиш учун зудлик билан ҳаракат қилиши кераклигини айтди. Жазоир эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашига Рафаҳ шаҳрида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирувчи резолюция лойиҳасини киритмоқчи эканини билдирди.
Исроил Бош вазири Нетаньяху ўнлаб фаластинликларнинг ўлимига сабаб бўлган Рафаҳ қочқинлар лагерига уюштирилган ҳаво ҳужуми халқаро миқёсда қораланаётган бир пайтда, ҲАМАСга қарши урушни давом эттиришга ваъда берди. Нетаньяху зарба “фожиали бахтсиз ҳодиса” эканлигини айтган ҳолда, “барча мақсадларга эришилмагунча урушни тугатиш ниятида эмас”лигини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, Исроил тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун барча мумкин бўлган эҳтиёт чораларини кўриб, можарога алоқадор бўлмаганларга зарар етказмаслик учун ҳаракат қилмоқда.
Рафаҳда эса вазият анча оғир. Сўнгги уч ҳафта ичида камида 1 миллион фаластинлик Рафаҳни тарк этиб, Ғазо секторининг турли ҳудудларига кўчиб ўтишга мажбур бўлди. Қочқинларга озиқ-овқат ва сув етишмаяпти. Ҳужумдан аввал қаҳрамонлик кўрсатаётган АҚШ эса Исроилга санкциялар қўллашни рад этмоқда. Агар Исроил Рафаҳда қирғинни давом эттирса, Америка ушбу вазиятга томошабин бўлиб турмоқчи. Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирбининг сўзларига кўра, АҚШ Халқаро жиноий суд қарори асосида жазо чораларини қўллашни режалаштирмаяпти, улар бу қарорга рози эмас.
Шундай қилиб, Исроил Ғазони деярли ишғол қилди. Тинч аҳолининг эса бошқа борадиган жойи йўқ. Фақатгина ҲАМАСни йўқ қилишни режалаштирганини айтаётган Исроил ҳужумлари ортидан юзлаб бегуноҳ аёллар, қариялар ва энг ачинарлиси болалар ҳалок бўлмоқда. Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, урушда шу вақтга қадар 36 мингдан ортиқ фаластинлик вафот этган, уларнинг учдан икки қисми болалар ва аёллардир. Бутун дунё ҳамжамияти эса фақатгина огоҳлантириш билан чекланяпти. Сиёсатлар, қонунлар қандай бўлиши, қай тараф ҳақ-у, қай бири ноҳақ бўлишидан қатъи назар, ҳеч бир вазиятда тинч аҳоли, айниқса, болалар ўлимини оқлаб бўлмайди. Бу нафақат Фаластин, балки бутун дунё болаларининг келажаги учун ҳам таҳдиддир.
LiveБарчаси