Катта урушнинг чўзилган муқаддимаси

Таҳлил

Бугун аксар дунё аҳолисининг кўз-қулоғи Теҳрон ва Тель-Авив ўртасида ёнаётган чизиқда. Исмоил Хониянинг Теҳронда ўлдирилиши ва Эрон бунда Исроилни айблаб, қасос олишга ваъда берган кундан бошлаб исталган соатда Эрон минтақадаги яҳудий давлатига қақшатқич зарба бериши мумкин. Аммо қасос зарбаси йўлланиши тахмин қилинган кунлар аста-секин ўтиб бормоқда. Теҳрон расмийлари яна фақат дағдаға билан чекланиш ва амалий ҳаракатлардан тийилиш йўлини танлаётгандек таассурот уйғотмоқда.

Ушбу шароитда дунё ОАВлари бир-биридан тубдан фарқ қилувчи икки хил сценарийни илгари сурмоқда. Баъзи манбалар Эроннинг бу ҳаракатсизлиги фонида мамлакат расмийлари кенг кўламдаги урушдан қочиш имкониятларини кўриб чиқаётгани ҳақида гапира бошлади. Аммо Эрон аллақачон бир қанча дипломатик каналлар орқали йирик эскалациядан қўрқмаслиги ва Исроилга берилажак зарба мамлакатни йирик уруш домига тортишидан заррача ҳам ташвишланмаслигини маълум қилгани ҳақидаги хабарлар ҳам йўқ эмас. Қуйида эса мазкур можаро бошлангандан то бугунгача бўлган вақт давомида жуда жиддий уруш сифатида кўрилаётган жараённинг остонасида содир бўлган кескинликлар ҳақида сўз юритилади.

Икки қутбли даврнинг иси

Икки ўртада жиддий можаро бошланган кезда Оқ уй ва Кремль дарҳол бирин-кетин Яқин Шарқ эшиклари олдида ҳозир бўлди. Қўшма Штатлар яна ўзининг қулоқсиз эркатойи бўлмиш босқинчи Исроилнинг бошини силашга бел боғлади. АҚШ Қуролли кучлари Марказий Қўмондонлиги генерали Майкл Курилла 3 август куни Эроннинг Исроилга эҳтимолий ҳужум хавфи пайдо бўлган бир пайтда зудлик билан минтақага етиб келди. Курилла Форс кўрфазининг бир қанча мамлакатлари, Иордания ва Исроилга бориши ва Эрондан эҳтимолий зарбани биргаликда қайтариш учун халқаро ва минтақавий иттифоқчиларни сафарбар қилишга ҳаракат қилиши кутилганди. Бир қанча манбалар Иордания Курилла сафарининг энг муҳим нуқтаси бўлиши, чунки бу давлат жорий йилнинг 13 апрель кунидаги Исроил томон учган Эрон дронларининг каттагина партиясини ушлаб қолишда асосий роль ўйнаганини ёдга олди. Бундан ташқари, ташрифдан бир муддат олдин Пентагон Исроилни мудофаа қилиш учун Яқин Шарқ минтақасига қўшимча кучлар, жумладан баллистик ракеталарга қарши мудофаани таъминлай оладиган крейсер ва эсминецлар юбораётганини маълум қилганди. Етказилган қуроллар ичида эса ярим тоннали МК83 бомбалари ҳам мавжуд бўлиб, бу турдаги қурол Нетаньяхунинг шахсий илтимосига кўра бир муддат илгари ундан норозилиги айтилган қария Байден томонидан туҳфа қилинган.

Шунингдек, Қўшма Штатлар Эроннинг жиддий риторик қадамлари ортидан узоқ йиллардан буён кириб бормаган тешиги деярли қолмаган Яқин Шарқ минтақасидаги ҳарбий мавжудлигини ҳам кескин оширди. Америка Қўшма Штатлари ҳарбий контингенти Саудия Арабистони, Ироқ, Қувайт, Қатар, Баҳрайн ва Бирлашган Араб Амирликларида анча фаоллашди. Оқ уй расмийлари фақатгина амалий ҳаракатлар билан чекланиб қолмади. Эрон ва Исроил ўртасидаги тўқнашув иси яқиндан таралаётган бир пайтда америкалик мулозимлардан агрессив оҳангдаги таклифлар ҳам янгради. Хусусан, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон мамлакат Президенти Жо Байденга Эронга қарши уруш очишни таклиф қилди. Спикернинг мазкур нопрофессионал ҳаракати ҳозирча дунё ҳамжамияти ёки бирон бир сиёсий марказлар томонидан жиддий сигнал сифатида қабул қилинганича йўқ. Аммо Конгресснинг Вакиллар палатаси спикери каби мансабни кичик ва таъсири кам лавозим деб бўлмайди.

Исроил Вашингтоннинг пинжига кириб олган бир пайтда Москва Эронни йўқлаб қўйишни унутмади. Буни кўпчилик Эрон Россиянинг Украинага босқини даврида уни камикадзе учоқлари билан узлуксиз таъминлаб тургани ва энди таъминот навбати Россияга келгани билан боғламоқда. Мазкур қарашлар август ойининг илк кунларида оғир юклар ортилган икки самолёт Россиядан Теҳронга қўнгани ҳақидаги хабарлардан сўнг тарқалди. Самолётлар ичида ҳарбий мақсадлар учун мўлжалланган катта ҳажмдаги юк мавжуд деган тахминлар болалади. Устига-устак бир қанча хорижий оммавий ахборот воситалари, Россия аллақачон Эронга “Искандар” баллистик ракеталарини етказиб берганини даъво қилмоқда. Ушбу воқеа ва миш-мишлардан бироз ўтиб Россиянинг собиқ мудофаа вазири ва айни дамдаги Хавфсизлик Кенгаши котиби Сергей Шойгу Теҳронда кўриниш берди. У Эроннинг янги Президенти Масъуд Пезешкиён ва мамлакат қуролли кучлари раҳбари Муҳаммад Бағерий билан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими таъминоти юзасидан бир қанча масалаларни муҳокама қилган. Кўп эҳтимол билан музокара Теҳрон учун ижобий якунланган. Негаки, Шойгу ва Бағерий ўртасидаги ушбу учрашувдан бироз ўтиб, Эрон Ислом Республикасининг ҳарбий соҳадаги икки мулозими NYT ахборот агентлигига Россия аллақачон радарлар ва бошқа ҳаво мудофаа тизимларини етказиб беришни бошлаганини тасдиқлаган. Эрон давлат матбуотига кўра, Сергей Шойгу Россия Эрон билан минтақадаги ҳар қандай масалаларда ҳар томонлама ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилган. Ўз навбатида, Россия Президенти Владимир Путин ҳам уруш хавфи кундан кунга ортиб бораётган бир паллада сукут сақлашни афзал кўрмади. У Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийдан Исроил ҲАМАС етакчисини келиб-келиб айнан Теҳронда ўлдирганига вазминлик билан жавоб беришни ва жавоб зарбасида Исроил фуқароларига зарар бермасликни сўради. Бу эса  Путин муаммонинг тинч ёки дипломатик йўл билан эмас, балки уруш орқали ҳал қилишга қарши эмаслигини маълум қилгандек таассурот уйғотди. Россия етакчиси ўз услубида.

Арабларнинг четга чиқиши ва Покистоннинг эҳтимолий аралашуви 

Уруш эҳтимоли ошиши билан минтақадаги араб давлатлари зудлик билан қайси қайиққа чиқишини эълон қилишди. 1967 йилги 6 кунлик араб давлатлари ва Исроил ўртасида кечган урушнинг оқибатларини ҳали ҳам унутмаган Иордания ва Миср бу борада эҳтиёткорликни сақлаш ниятида. Хусусан, Иордания Ташқи ишлар вазири можаро аввалида Эронга энг биринчилардан бўлиб ташриф буюрди ва Эрон ТИВ раҳбари билан учрашиб, ундан Исроилга ҳужум қилмасликни сўради. Бироқ кейинчалик маълум бўлдики, расмий Теҳрон АҚШ ва унинг Яқин Шарқдаги араб мамлакатлари ичидаги бирорта воситачиларининг бундай таклифига ижобий жавоб қайтармаган. Ўз навбатида бир неча кун олдин Иордания расмийлари можаро юзага келгудек бўлса, томонларнинг ҳеч бирига мамлакат ҳаво ҳудудидан фойдаланишга имкон бермаслигини маълум қилди. Кўп ўтмай минтақа гигантларидан бири Саудия Арабистони ҳам худди шундай огоҳлантириш хусусиятига эга баёнотни эълон қилди.

Аммо шундай бўлишига қарамай, бироз вақтдан сўнг Эрон Исроилга қарши урушда ёлғиз қолмаслиги маълум бўлди. Кеча, 7 август куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Эрон ва Покистон талаби билан ташкиллаштирилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирларининг фавқулодда йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу учрашувда “Исроил ишғолининг жиноятлари” ва “Хониянинг ўлдирилиши” муҳокама қилинди. Хониянинг Теҳронда ўлдирилиши нафақат Эронни, балки Покистон сиёсий элитасини ҳам жиддий ҳаракатларга ундамоқда. Негаки, ушбу ўтказилган йиғилишдан сўнг бир қанча араб нашрлари агар Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддият кучайса, Покистон Эронга “Shaheen-III” номли ўрта масофали баллистик ракеталарни етказиб беришни режалаштираётгани ҳақида сўз очди.

Эрон ёлғиз эмас

Ортда қолган яқин соатларда Исроил АҚШ расмийларига Хониянинг ўлдирилишига бевосита алоқадор эканликларини билдиргани ҳақида хабарлар тарқади. Аслида бу тан олиш ўз аҳамиятини йўқотиб улгурганди. Негаки, сўнгги кунларда Теҳронда Исмоил Хониянинг ўлдирилиши ва Байрутда “Ҳизбуллоҳ” ҳарбий қўмондони Фуад Шукрнинг йўқ қилиниши ортидан ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” қаршилик ҳаракатлари ушбу воқеалар учун Исроилни айблаб, уларни жавобсиз қолдирмасликларини билдиришганди. Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаий эса мамлакат ҳарбийларига Исроилни тўғридан тўғри нишонга олиш ҳақида буйруқ берди. “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Исроилга қақшатқич зарба орқали жавоб бериш билан таҳдид қилди.

“Исроилга қарши зарбалар Эрон, Яман ва Ливандан тайёрланмоқда. Улар ҳеч шубҳасиз амалга оширилади. Бизнинг биргаликдаги жавобимиз кучли, таъсирли ва самарали бўлади”, дейди “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Насруллоҳ.

Эрон эса ҳужум ва ҳимоя қуролларини бирдек тўплашда давом этмоқда. Масалан, Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари қўмондони генерал Алиреза Сабоҳифард мамлакат шарқида қурол-яроғ ва техниканинг янги партиясини қабул қилиб олди. Унга кўра, генерал ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари учун зенит-ракеталар, радиолокацион станциялар ва дронларни шахсан ўзи кўздан кечирган.

Ўз ўрнида Исроилнинг ҳам уруш учун бир қатор тайёргарликлари бор. Можарода у учун деярли барчасини АҚШ амалга оширишига қарамай, Нетаньяхунинг ўзи ҳам маълум ҳаракат режаларини ишлаб чиққани айтилмоқда. Хусусан, у ва унинг ҳарбий маъмурияти агар Исроил сабрсизлик билан кутилаётган Эрон ҳужуми ҳақида 100% аниқликдаги маълумотни қўлга киритса, расмий Тель-Авив зарбани биринчи бўлиб йўллашга келишиб олишган. Бундан ташқари, Исроил элитаси бункерлар қуриш ишларини ҳам деярли якунлагани маълум қилинди. Исроил Эрон томонидан уюштириладиган йирик ҳужумни кутиб, Қуддус тепаликлари остида қўмондонлик бункерини ишга туширди.

Хуллас, йиғим-терим авжида, аммо қачон зарба берилиши ҳали ҳам сўроқ остида. Дастлаб тахмин қилинган шу ҳафтанинг душанбаси, 5 август санасида ҳеч нарса рўй бермади. Кейинчалик кутилаётган бугунги 8 ёки эртанги 9 август учун ҳам ҳали бирон бир жиддий сигнал йўқ. Бир томонда 1948 йилдан буён Яқин Шарқдаги сиёсий муҳитни булғаб келаётган Исроил, бошқа томонда эса Эронни анча йиллардан буён бошқараётган Оятуллоҳ ва унинг жамоаси. Барчани эса бир савол қизиқтирмоқда. Эроннинг Исроилдан олишга ваъда берган қасоси яна ҳавода муаллақ қолиб кетадими?


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон уруш Исроил Исмоил Хониянинг ўлими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг