Кичик қишлоқ АЭС сабаб катта шаҳарга айланиши мумкин
Олам
−
12:23 5560 2 дақиқа
Қозоғистоннинг биринчи атом электр станцияси қурилиши режалаштирилган Олмаота вилоятидаги Улкен қишлоғи келажакда йирик аҳоли пунктига айланиши мумкин. Бу ҳақда “Седьмой канал” хабар берди.
Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, ҳозирда қарийб 2 000 киши истиқомат қилаётган қишлоқ вақт ўтиши билан аҳолиси 90 000 нафаргача етадиган шаҳарга айланиши мумкин. Сўнгги йилларда ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, ички йўллар таъмирланиб, замонавий тиббий амбулатория фойдаланишга топширилган. Шунингдек, Олмаота-Остона автомобиль йўлидан Улкен қишлоғигача бўлган йўлни капитал таъмирлаш ҳам мўлжалланган.
Қурилиш даврида қарийб 10 000 нафар мутахассис ва ишчи жалб этилиши, уларнинг 3 000 га яқини техник йўналишдаги мутахассислар бўлиши режалаштирилган. АЭС ишга туширилгач эса 2000 га яқин киши доимий иш билан таъминланади.
Улкенлик Гулнар Асанованинг айтишича, лойиҳа қишлоқ ҳаётини яхшилашга хизмат қилади. Унинг фикрича, бугунги кунда электр энергияси барча соҳалар учун зарур бўлиб, анъанавий энергия манбалари чекланганлиги сабабли янги энергия манбаларини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.
“Менимча, Улкен ривожланади, бу ерга янги аҳоли кўчиб келади ва одамлар иш топади. Шахсан мен бу жараёнга ижобий қарайман ва қишлоғимиз янада обод бўлишига ишонаман. Бўш турган уйлар таъмирланишини, болалар учун дам олиш ва кўнгилочар масканлар барпо этилишини истардим. Менимча, қишлоғимизнинг келажаги порлоқ”, дейди яна бир қишлоқ аҳолиси Гулноз Бозорбой қизи.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда илк АЭС қурилишига расман 2025 йил, августда старт берилганди. Лойиҳанинг умумий қиймати 14-15 миллиард долларни ташкил этади, станцияни 2035-2036 йилларда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Мумтозбегим Абдумўминова
Live
Барчаси