Кичик Байден ўзига қўйилган айбловлар қайта кўриб чиқилишини талаб қилди
Олам
−
18 Июнь
3129АҚШ Президенти Жо Байденнинг ўғли Хантернинг адвокатлари қурол билан боғлиқ айбловлар бўйича янги суд жараёнини ўтказиш учун ариза берган, бироқ бу маълумот чоп этилганидан бир неча дақиқа ўтиб, суд маълумотлар базасидан ўчириб ташланган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Делавер федерал судининг веб-сайтида эълон қилинган эслатмага кўра, янги суд жараёнини ўтказиш учун берилган ариза адвокатнинг илтимосига биноан олиб ташланди.
Хабарингиз бор, АҚШ Президенти Жо Байденнинг ўғли Хантер Байден ноқонуний равишда қурол сотиб олиш ва сақлашда айбланмоқда. Унга қўйилган айбловнинг иккита банди 2018 йилда у тўппонча сотиб олаётганда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмаслиги ҳақида ёлғон гапиргани билан боғлиқ. Учинчи бандда эса Жо Байденнинг арзандаси гиёҳванд моддаларни истеъмол қилган даврда ўқотар қуролга эга бўлгани даъво қилинмоқда. Иккала ҳолат ҳам федерал жиноят саналади.
Шу муносабат билан Хантер Байден жорий йилнинг 11 июнь куни ўзига нисбатан қўйилган айбловларнинг барчаси бўйича айбдор деб топилди. АҚШ Президентининг ўғли 25 йилгача қамоқ жазоси ва 750 минг долларгача жаримага тортилиши мумкин.
Мазкур вазиятда Жо Байден президентлик ваколатларидан фойдаланган ҳолда ўғлини афв этмаслигини таъкидлади. АҚШнинг амалдаги Президенти ўз ўғли устидан чиқарилган суд қарорини ҳурмат қилишини ҳам айтиб ўтди.
LiveБарчаси