ХВЖ Украинадаги уруш туфайли глобал иқтисодий ўсиш прогнозини пасайтирди

Олам 2154
image

Халқаро валюта жамғармаси Украинадаги уруш ва юқори инфляция туфайли бир йил ичида иккинчи марта глобал ялпи ички маҳсулот ўсиши прогнозини пасайтирди. Бу сафар прогноз 3,6 фоиздан 3,2 фоизга туширилди.

Шу билан бирга, жамғарма 2022 йилда Россия иқтисодиётининг пасайиши бўйича ўз баҳосини яхшилади – 8,5 фоиздан 6 фоизга, лекин 2023 йилда Россия ялпи ички маҳсулотининг кутилаётган пасайиши даражасини 2,3 фоиздан 3,5 фоизга оширди.

Жамғарманинг бош иқтисодчиси Пьер-Оливье Гуриншанинг таъкидлашича, Россия иқтисодиётининг 2022 йилга мўлжалланган прогнози яхшиланганига қарамай, у ҳали ҳам "жуда жиддий таназзулга" дуч келаётганини унутмаслик керак.

ХВЖ Россия газини Европага етказиб беришни тўлиқ тўхтатиш билан боғлиқ эҳтимолий сценарийга алоҳида эътибор қаратган. Жамғарма прогнозларига кўра, бу ривожланиш 2022 йилда жаҳон ялпи ички маҳсулоти ўсиши 2,6 фоизгача, кейинги йилда эса 2 фоизгача пасайишига олиб келади. АҚШ ва Европа Иттифоқида ўсиш 2023 йилда нолга яқин бўлиши прогноз қилинмоқда.

Гуриншанинг таъкидлашича, глобал ўсиш 1970 йилдан бери бор-йўғи беш марта 2 фоиздан пастга тушиб кетган, охирги марта 2020 йилда COVID-19 пандемияси сабаб бўлган.

Европа Иттифоқи мамлакатлари Россиянинг энергия таъминотига жуда боғлиқ – ЕИ газ импортининг 45 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади. Украинадаги уруш энергия таъминотининг қисқаришига, уларни нархининг ошишига ва натижада инфляциянинг тезлашишига олиб келди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 30
Рейтинг: 3.3
t
×