ХТВ ўқувчиларни касб-ҳунарга тайёрлашнинг янги тизимини жорий этишни таклиф қилди

Жамият 2077
image

Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларини 7-синфдан бошлаб касбга йўналтириш ишларини амалга ошириш, юқори синфларда замонавий касб-ҳунар эгаллашлари учун тегишли шарт-шароитлар яратиш ҳамда ёшлар орасида ўзини-ўзи банд қилиш каби меҳнат шаклларини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўқувчи-ёшларни касб-ҳунарга тайёрлаш тизимини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жошлаштирилган қарор лойиҳаси билан умумий ўрта таълим муассасаларида Ўқувчи ёшларни касб-ҳунарга тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш таклифи берилмоқда.

Унга кўра янги тизимни амалга оширишнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

•    умумий ўрта таълим муассасалари мутахассислари томонидан ўқувчиларни 7-синфдан бошлаб касб-ҳунар эгаллаш ва ўзини ўзи банд қилиш орқали хизматлар кўрсатиш (фрилансинг) йўналишларига қизиқишларини аниқлаш ва бундай ўқувчиларнинг маълумотлари базасини яратиш; 

•    8-9-синф ўқувчиларига дастурчи, дизайнер, таржимон каби истиқболли касблар учун пойдевор бўладиган билим ва кўникмалар бериш; 

•    ўқувчиларининг касбий мойиллиги бўйича ўтказилган таҳлиллар асосида 9-синфдан сўнг келгусида аниқ ишчи касблар бўйича касб-ҳунар мактабларида таълим олиши мумкин бўлган ўқувчилар ўртасида касбга йўналтириш ишларини олиб бориш;

•    умумий ўрта таълим муассасаларининг 10–11-синф ўқувчиларини танлов фанлари йўналишидаги (вариатив) ўқув режа асосида касб-ҳунарга йўналтириш шунингдек, касб-ҳунар ўргатувчи давлат ва нодавлат ташкилотларда ваучер тизими асосида юқори малака талаб қилинмайдиган касбларга ўргатиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, касб-ҳунарга ўргатиш курсларини тамомлаган умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг касб-ҳунар кўникмаларини амалдаги квалификация рамкалари асосида баҳолаш, тегишли (халқаро) сертификат ва резидентлик мақомини бериш бўйича масъулияти чекланган жамият шаклидаги сертификациялаш марказини ташкил этиш таклифи ҳам берилмоқда.

Марказнинг асосий вазифаларидан бири битирувчиларнинг малака ва кўникмаларни баҳолаш ҳамда сертификатлаш мақсадида ривожланган мамлакатларда фаолият кўрсатувчи халқаро ва хорижий сертификатлаш ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб боради.

Қайд этилишича, ўқувчи ёшларни касб-ҳунарга тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш орқали ўқувчи ёшларни мактаб давридан касб-ҳунар эгаллашга бўлган қизиқишларини ошириш, ҳеч бўлмаганда битта касб эгаллаб чиқишлари учун замин яратади. 

Вазирик бу кўникми олий таълим муассасасига кира олмаган битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилишига ишонмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 22
Рейтинг: 2.8
t
×