ХТВ Тошкентдаги мактабда қизларга жинсий тарбия дарси ўтилганига изоҳ берди
Жамият
−
04 Февраль 2021
31245Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги 238-мактабнинг 9-11-синф ўқувчи қизлари билан болалар гинекологи суҳбат ўтказгани ҳақида видеолар тарқаляпти.
Халқ таълими вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.
“Бугунги кунда мамлакатимизда эрта туғруқларни олдини олиш, ёшларнинг репродуктив саломатлигини асраш, жинсий зўравонликларни профилактика қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда”, дея бошланган баёнот.
Эрта турмуш ва туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажримлар билан боғлиқ муаммоларни олдини олиш мақсадида Учтепа туман тиббиёт бирлашмаси болалар гинекологи томонидан 238-мактабнинг юқори 9, 10, 11-синф ўқувчи қизлари иштирокида ўтказилган давра суҳбати ана шундай ишларнинг мантиқий давоми бўлган.
Вазирликнинг қайд этишича, “Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш ва эрта ҳомиладорликнинг салбий оқибатлари” мавзусида ўтказилган давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг “Эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда ажралишлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари” тўғрисидаги қарори ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруқлари асосида ташкил қилинмоқда. Бу каби ўсмирлик физиологияси, репродуктив саломатликка оид суҳбатларни барча умумтаълим муассасаларининг юқори синф ўқувчилари билан режага мувофиқ ўтказиш белгиланган.
“Суҳбатлар давомида ўқувчи қизларга болалар гинекологи томонидан қизларнинг 16-18 ёшларда она бўлиши салбий оқибатларга олиб келиши, кўп ҳолларда бундай ёшдаги қизларнинг соғлом фарзандни дунёга келтиришида турли муаммолар келиб чиқиши тўғрисида тушунтиришлар бериб борилади”, дейилган хабарда.
LiveБарчаси