Хотинини ўлдирганликда гумонланаётган собиқ вазир ҳибсга олинди
Олам
−
12 Ноябрь 2023
15723Аввалроқ Қозоғистон Республикасининг собиқ Миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев ўз рафиқасини ўлдиришда гумонланиб ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. Остона шаҳар суди ахборот хизматининг маълум қилишича Бишимбаев икки ойга қамалган.
Қайд этилишича, кеча, 11 ноябрь куни Остона шаҳар ихтисослаштирилган туманлараро тергов суди полицияга гумонланувчи Куандик Бишимбаевга нисбатан икки ой муддатга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга рухсат берган.
Остона полиция бошқармаси иш юзасидан бошқа ҳеч қандай маълумотни очиқламаган.
“Қозоғистон Республикаси Жиноят-просессуал кодексининг 201-моддаси “судгача бўлган тергов маълумотларини ошкор қилишга йўл қўйилмаслиги”га мувофиқ, ушбу жиноий иш бўйича бошқа маълумотларни тақдим этишнинг иложи йўқ”, дейилади хабарда.
Гап шундаки, жорий йилнинг 9 ноябрь куни бир қатор маҳаллий ОАВда Остона шаҳридаги ресторанлардан бирида аёл калтакланиб, тез ёрдам келгунига қадар вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. “Orda.kz” нашрининг ёзишича, ўлдирилган аёл Салтанат Нукенова бўлиб, у собиқ вазир Куандик Бишимбаевнинг иккинчи хотини бўлган.
“Мутахассислар томонидан текширилганда, марҳума Нукенованинг танасида пичоқ жароҳатлари излари топилмади. Фақат тананинг юмшоқ тўқималарининг гематомалари, шунингдек, бош соҳасида жароҳатлар аниқланди. Тахминларга кўра, бошига тўмтоқ буюм билан берилган кучли зарба унинг ўлимига олиб келган”, деб ёзади “Orda.kz” ўз исмини айтишни истамаган остоналик суд-тиббиёт экспертига таяниб.
Маълумот учун, 43 ёшли Куандик Бишимбаев турли вақтларда Президент ёрдамчиси, Саноат ва савдо вазири ўринбосари, Савдо ва иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари, “Самрук-Казина” жамғармаси раиси ўринбосари, “Байтерек” холдинги бошқаруви раиси бўлган.
2016 йилнинг майидан декабригача Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазири бўлган. 2017 йилнинг январида у ўғирликда айбланиб ҳибсга олинган, 2018 йил март ойида эса 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Кейинчалик унинг жазо муддати икки бараварга қисқартирилган ва 2019 йилнинг октябрида Бишимбаев озодликка чиққан.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь