Хориждан туриб рўйхатдан ўтган абитуриентларни имтиҳонга қўйиш шартлари эълон қилинди

Жамият

image

2020/2021 ўқув йили қабулида ОТМга кириш синовларида иштирок этиш учун хориждан туриб рўйхатдан онлайн ўтган абитуриентлар Ўзбекистонга кириш тест синовлари бошланишидан камида уч ҳафта олдин келиши керак бўлади. Бу ҳақда бугун, 25 июнь куни Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов маълум қилди.

Хориждан келган абитуриент коронавирус пандемияси муносабати билан жорий қилинган карантин талабларини тўлиқ бажарганидан сўнг, Санитария-эпидемиология ва осойишталик агентлиги тақдим этган хулосалари асосида тест синовларига киритилади.

Тест синовлари жорий йилда август ойида катта сиғимли биноларда ўтказилади. Абитуриент ўзи танлаган ҳудудда, Давлат тест маркази томонидан онлайн тарзда тақдим этиладиган рухсатномасида белгиланган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этади.

Имтиҳонларда абитуриентларнинг ота-оналари учун алоҳида кутиш (тўпланиш) жойлари ташкил қилинмайди, улар барча бинолардаги тест синовларини (test2020.uz сайти орқали) онлайн кузатиб боришлари мумкин.

Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ва бинога микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари, шпаргалкалар ва шу кабилар билан кириши тақиқланади.

Эслатиб ўтамиз, тест синовлари абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фандан ўтказилади.

Тест топшириқлари сони 60 тани ташкил этади. Бунда, биринчи фан бўйича 30 та савол, ҳар бир саволга 3,2 балл берилади ва 96 бални ташкил этади, иккинчи фан бўйича ҳам 30 та савол, ҳар бир саволга 3,1 балл берилади ва 93 бални ташкил этади. Энг юқори балл 189 ни ташкил этади.

2020/2021 ўқув йилида олий ҳарбий таълим муассасалари номзодларига истисно тариқасида тест топширадиган фанлари мажмуаси ва кетма-кетлиги бир хил бўлган ҳарбий бўлмаган олий таълим муассасаларининг бештагача бакалавриат таълим йўналишларини танлаш ҳуқуқи берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

имтиҳон абитуриент

Баҳолаганлар

32

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг