Ўзбекистонда ОТМга кириш имтиҳонлари муддати ўзгариши мумкин

Жамият

image

2020-2021 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари 1 августдан бошланиши белгиланган. Бироқ бу муддат карантин шароити ва абитуриентлар сонидан келиб чиқиб ўзгартирилиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 22 июнь куни Давлат тест маркази бўлим бошлиғи Фарҳод Мирзаев онлайн брифинг вақтида маълум қилди.

ДТМ вакили Фарҳод Мирзаев биринчи ўринда имтиҳонларни ўтказиш муддати ҳақида тўхталиб ўтди ва бу борада ўзгариш бўлиши мумкинлигини билдирди.

“2020-2021 ўқув йили учун олий таълим муассасасига кириш имтиҳонлари муддати 1 августдан бошланиши белгиланди. Бироқ имтиҳонларнинг бошланиш муддати бугунги кундаги вазиятнинг қанча ва қандай давом этишига боғлиқ бўлиб турибди. Карантин муддатлари чўзилиши ва рўйхатдан ўтган абитуриентлар сонига қараб, тест синовларини ўтказиш муддатида ўзгариш бўлиши мумкин”, деди Фарҳод Мирзаев.

Шундан сўнг, ДТМ вакили имтиҳонлар қандай шароитда ўтказилиши ва биноларнинг тайёргарлиги ҳақида маълумот берди.

“Тест синовлари асосан 64 та бинода ўтказилади. Бугунги кунда биноларни имтиҳонга тайёрлаш ишлари тугатиляпти. Инфекция бутунлай бартараф этилмаган ва кафолат бўлмаган шароитда абитуриентларни минг ўринли биноларда тиқилинч ҳолатда сақлашга йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун, тест синовлари ўтказиладиган биноларда кўпи билан 750 тагача ўрин тайёрланди. Ҳар бир абитуриент учун 3 кв метр жой ажратилади. Улар тестда ниқоб ва қўлқоп билан иштирок этиши таъминланади. Абитуриент тана ҳарорати ўлчангач, дезинфекция тунелидан ўтказиб, бинога киритилади. Бинолар кун давомида 4 марта дезинфекция қилинади", дея изоҳ берди Мирзаев.

Фарҳод Мирзаев бундан ташқари, имтиҳонлар учун назоратчиларни саралаб олиш жараёни ҳақида ҳам маълумот берилди.

“Ҳар йили бизда тест синовларида иштирок этиши учун гуруҳ назоратчилари саралаб олинади. Жорий йилда 2-5 июнь кунлари гуруҳ назоратчилари учун масофавий ўқув-семинар машғулотлари бошланди. 5300 дан ошиқ назоратчилар таклиф этилганди”, деди Фарҳод Мирзаев.

Таъкидланишича, ҳозирги кунда 1970 нафар номзод ўқув машғулотларида иштирок этяпти. Имтиҳон бошлангунча 3000 нафар назоратчи саралаб олиниши режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

имтиҳон карантин ДТМ

Баҳолаганлар

352

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг