Хорижда ота-онасиз қолган болаларни Ватанга қайтариш тартиби тасдиқланди
Жамият
−
16 Январь 2020
4100Ўзбекистонч Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг болаларини мамлакатга қайтариш тартиби тасдиқланди. Бу ҳақда “Norma” хабар берди.
Республика фуқароларининг хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган болалари Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) томонидан ватанига қайтарилади. Ушбу норма Ўзбекистонда доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг болаларига ҳам татбиқ этилади. Бунда 3 ёшгача бўлган болаларни ИИВ ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда олиб келинади.
Болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари мавжуд бўлмаса, республиканинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари уларнинг фуқаролик мансублигини тасдиқлайдилар ва мамлакатига кириш (қайтиш) ҳуқуқини берадиган вақтинчалик ҳужжатни расмийлаштирадилар.
ТИВ, шунингдек Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ота-онасиз қолган болалар ҳақидаги маълумотларни олганидан кейин зудлик билан ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаментига юборади. Департамент ўз навбатида бир иш куни давомида маълумотларни ИИВнинг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасига (ҲПББ) юборади. ҲПББ, 15 кун ичида болалар бўйича барча маълумотларни жамлаб, ИИВнинг масъул ходимларини, зарурат туғилганда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларини ҳам болаларни қайтариш учун улар турган мамлакатга юборади.
Ушбу операцияда иштирок этадиган ходимларнинг сони қайтариладиган болалар сонига боғлиқ бўлади:
1–2 нафар бола учун – 1 ходим;
3–4 нафар бола учун – 2 ходим;
5 нафар ва ундан кўп бола учун – 3 ходим.
3 ёшдан ошган болалар қайтарилганидан кейин Вояга етмаганларга яшаш жойи бўйича ижтимоий-ҳуқуқий кўмак кўрсатиш марказига, 3 ёшгача бўлганлари эса болалар уйига жойлаштирилади. Ўзбекистонда она-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслари бўлган болалар қайтарилганидан кейин уларга берилади.
LiveБарчаси