Хоразмда эркакнинг 2-хотинини “самосуд” қилган аёлларга ҳукм ўқилди
Жамият
−
21 Апрель 2021
30048Аввалроқ, Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани "Оқдарбанд" маҳалласида Д.Каромат сингиллари Д. Олма, Д. Раъно ва қариндоши Р. Наргиза билан 2020 йил 9 июнь куни О.Ҳамиданинг кийимларини йиртиб, таёқ билан танасининг турли жойларига уриб, қайчи билан сочларини кесиб ташлагани ҳақида хабар берган эдик.
Аёллар О.Ҳамидани бировнинг оиласини бузганликда, уч нафар фарзанди етим қолаётганликда айблаб, калтаклаган. Ўтказилган суриштирув давомида О.Ҳамида шу маҳаллада яшовчи Д.Кароматнинг ўғли С.Д. билан 2016 йилдан буён яшаб келаётганлиги, ҳозирда бир нафар фарзанди борлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари ўтказилиб, тегишли тартибда айблов хулосаси билан судга юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Қўшкўпир тумани судининг ҳукмига кўра, Д.Каромат, Д.Олма, Р.Наргизаларга 1 (бир) йил 6 (олти) ой ва Д.Раънога 1 (бир) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, жабрланувчи О.Ҳамиданинг уларга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги инобатга олинган.