Хоманаийга суиқасд содир этилган тақдирда учта ворис бор – NYT
Олам
−
21 Июнь
8880Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий суиқасд уюштирилган тақдирда ўз лавозимини эгаллаш учун учта номзодни танлади. Бу ҳақда “The New York Times” Теҳрондаги манбаларига таяниб хабар берди.
Мақола муаллифларининг иддао қилишича, Хоманаий олий раҳбар лавозимига номзод сифатида учта юқори мартабали уламони танлаган, шунингдек, юқори мартабали амалдорлар яна бир бор йўқ қилинган тақдирда ҳарбий қўмондонлик занжиридаги ворислар ҳақида ҳам қарор қабул қилган.
“Мамлакат ҳозир урушда экан, Оятуллоҳ тез ва тартибли ўтишни таъминламоқчи ва ўз меросини сақлаб қолмоқчи”, дейилади мақолада.
Манбаларга кўра, Хоманаий ҳозирда ўзининг ерости бункерида яширинган ва кўпинча ўз қўмондонлари билан ишончли одам орқали мулоқот қилади. Хабарда айтилишича, олий раҳбар душманга уни аниқлашини қийинлаштириш учун электрон алоқаларини атайлаб кечиктирмоқда.
Бундан олдин ОАВ Али Хоманаий ўта махфий элита бўлинмасининг ҳимояси остида алоҳида қўриқланадиган жойга ўтказилгани ҳақида ёзган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий Исроилнинг мамлакатга қарши операцияси бошланганидан бир неча соат ўтиб ерости бункерида паноҳ топгани ҳамда ўз хавфсизлигини ҳатто Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) ҳам билмайдиган махсус, юқори махфий бўлинмага ишониб топширгани хабар қилинганди.