Хоманаий ўз хавфсизлигини ўта махфий бўлинмага топширган – ОАВ

Олам

image

Эроннинг Олий етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўз хавфсизлигини ҳатто Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) ҳам билмайдиган махсус, юқори махфий бўлинмага ишониб топширган. Бу ҳақда эронлик расмийларга таяниб, “The Telegraph” нашри хабар берди.

“Хоманаий Исроил разведкаси режим сафларига чуқур кириб олган, деб ҳисоблайди. Шу сабабли бу бўлинма шунчалик махфий сақланганки, ҳаттоки ИИҚКнинг юқори мартабали вакиллари ҳам унинг мавжудлигидан бехабар бўлган”, дейилади хабарда.

Шунингдек, нашр манбаларидан бири Хоманаийнинг ҳаёти хавф остида эканини айтган.

“У ўлимдан яширинмайди, ер остидаги бункерда ўтиргани йўқ. Аммо ҳаёти хавф остида ва унинг хавфсизлиги учун жавобгар бўлган шундай бўлинма борки, ҳеч ким бу ҳақда билмаслиги керак”, деган манбалардан бири.

86 ёшли Хоманаий аввал Теҳроннинг 11-округида жойлашган “Етакчилик уйи” комплексида яшаб, ишлаган. Аммо яқинда эълон қилинган видеолар унинг яшаш жойини ўзгартирганидан дарак бермоқда. Энди у чиқишларида орқа фонда кўпинча инқилоб етакчиси Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хумайнийнинг портрети илинган жигарранг парда фонида кўринмоқда. Бу эса унинг аввалги брифингларидан сезиларли даражада фарқланади. 

Видео таҳлилига кўра, бу чиқишлар ИИҚКнинг Теҳрон марказидаги медиа марказида суратга олинган бўлиб, бу эса Хоманаий яқин атрофда яшаётганини ёки ҳаттоки шу бинонинг остида яшаётган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

“Эрон раҳбарияти Москвага қочишга тайёрланаётгани ҳақида хабарлар бўлганига қарамай, Хоманаий Эронни тарк этмоқчи эканига ҳеч қандай далил йўқ. Унинг Сурия собиқ етакчиси ва Эроннинг яқин иттифоқчиси Башар Асад каби ўтган йил декабрда ҳукумат қулаши ортидан Россияга қочганидан сўнг, бу йўлни танлаши кутилмаяпти”, дейилади хабарда.

Шунингдек, нашр манбаси Хоманаийнинг Эронда экани ва у ҳеч қаерга кетмаслигини билдирган.

“У Эронда, ҳеч қаерга кетмайди. У Асад каби қочмайди. Бу хорижий тажовуз пайтида халқнинг маънавий руҳияти унинг омон қолишига боғлиқ”, дейди манба.

Нашрнинг ёзишича, сўнгги вақтларда Теҳронда содир бўлган машина портлашлари ва Хоманаийга яқин кўплаб шахсларнинг ҳалок бўлиши фонида, у шаҳарда оддий автомобиль орқали ҳаракатланаётгани ҳам эҳтимолдан йироқ.

“Хоманаийни энг кўп ларзага солган воқеалардан бири 2020 йилда Эроннинг етакчи ядро олими Моҳсен Фахризоданинг масофадан бошқариладиган робот-қотил ёрдамида ўлдирилгани бўлган. Аммо у яқин дўсти ва иттифоқчиси бўлган “Ҳизбуллоҳ” раҳбари Ҳасан Насруллоҳнинг ўлими каби ҳеч бир воқеадан бунчалик ларзага тушмаган”, деб ёзади нашр.

Маълумот ўрнида, ўтган йили Исроил Байрутдаги кўп қаватли бинонинг остида жойлашган ерости штаб-квартирасига бомба ташлаб, Ҳасан Насруллоҳни ўлдирган эди. Хоманаийни бу ўлим нафақат дўстининг йўқолиши, балки Исроил разведкасининг маълумот манбаси ҳам безовта қилган. Чунки Насруллоҳнинг жойлашуви ҳақидаги маълумот “Ҳизбуллоҳ”дан эмас, балки бевосита Теҳрондан чиққани тахмин қилинмоқда. Бундай нозик тафсилотлар фақат энг юқори даражадаги маълумотга эга одамдан сизиб чиқиши мумкин эди.

“Исроил Хоманаийнинг ҳаракатлари ҳақида маълумот тўплашга йиллар сарфлагани аниқ. Ҳар қанча электрон қурилмалардан қочмасин, Хоманаий атрофигидагилар бундан фойдаланган. Телефон қўнғироқлари, электрон хатлар ва шифрланган трафик Исроил разведка таҳлилчилари томонидан доимий кузатувда бўлган”, дейилади хабарда.

Нашрга кўра, сунъий интеллект тизимлари бу маълумотларни таҳлил қилиб, Хоманаийнинг тахминий жойлашуви ва ҳаракатларидаги мантиқни аниқлайди. Кейин эса йўқ қилиш операцияси турли шаклларда бўлиши мумкин: дрон ҳужуми, кўчада суиқасд ёки ҳаво зарбаси. Ҳатто АҚШ 2011 йилда Усома бин Лоденни йўқ қилганидек, вертолёт орқали махсус кучларни сафарбар қилиш эҳтимоли ҳам истисно қилинмайди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 июнь куни Эроннинг “Iran International” нашри манбаларига таяниб, Олий раҳбар Али Хоманаий 13 июнь эрталабки Исроил зарбаларидан бир неча соат ўтиб, Теҳроннинг шимоли-шарқидаги Лавизан туманида жойлашган бункердан бошпана топганини хабар қилганди.

Шунингдек, 15 июнь куни “The Wall Street Journal” нашри Исроил расмийларига таяниб, мамлакат Эроннинг ядровий дастурига барҳам бериш мақсадида ҳар қандай нишонни, жумладан, Олий раҳбар Хоманаийни ҳам нишонга олиш эҳтимолини кўриб чиқаётганини маълум қилганди. Нашр манбаларига кўра, Исроил зарбалари нафақат ядровий инфратузилмага, балки Эроннинг сиёсий ва ҳарбий барқарорлигини издан чиқаришга қаратилган.

Шунингдек, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху 16 июнь куни Американинг ABC News телеканалига берган интервьюсида Хоманаий ўлдирилса, бу Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятни кучайтирмаслигини, балки бу можарога барҳам беришини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг