Хоманаий Ларижонийнинг ўлимига изоҳ берди
Олам
−
19 Март 11400 2 дақиқа
Эроннинг Олий раҳбари Мужтабо Хоманаий Исроил ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлган Миллий хавфсизлик олий кенгаши раҳбари Али Ларижонийнинг ўлимига муносабат билдирди. Унинг сўзларини Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси келтирган.
Баёнотда айтилишича, Ларижоний “илмли, узоқни кўра оладиган, доно, ишига содиқ ва сиёсий, ҳарбий, хавфсизлик, маданий ҳамда бошқарув соҳаларида катта тажрибага эга шахс” бўлган.
“Унинг исломий тизимдаги турли даражаларда деярли эллик йиллик фаолияти уни юксак шахсга айлантирди”, деган Хоманаий.
У, шунингдек, Эроннинг душманлари бу ҳодиса учун жавоб беришини таъкидлаган.
“Бундай террор ҳаракатлари фақат душманларнинг адоватини акс эттиради ва миллатимизнинг қатъиятини мустаҳкамлайди. Шубҳасиз, адолат қарор топади. Унинг оила аъзолари ва яқинларига, айниқса, Оятуллоҳ Амоли Ларижонийга чин дилдан ҳамдардлик билдираман ва уларнинг сафлари юксалишини сўраб дуо қиламан”, деган Олий раҳбар.
Ларижонийнинг ўлими
17 март куни Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац Али Ларижоний тунги ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилган эди. Кейинчалик бу хабарни Теҳрон ҳам тасдиқлади.
Ларижоний билан бирга унинг ўғли, ўринбосари ва қўриқчилари ҳам ҳалок бўлган. Бундан ташқари, “Басиж” халқ лашкари қўмондони, генерал-майор Ғуломризо Сулаймоний ҳам зарба қурбони бўлган.
Америка Қўшма Штатлари ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти бошланганидан бери Эрон раҳбариятининг кўплаб юқори мартабали вакиллари ҳалок бўлган. Улар орасида олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳам бор.
Янги Олий раҳбар этиб унинг ўғли Мужтабо Хоманаий тайинланган, бироқ у сайланганидан бери жамоатчиликка кўринмаган. Теҳрон унинг жароҳат олганини тасдиқлаган.
Али Ларижоний ҳақида
Али Ларижоний Ироқда, Оятуллоҳлар оиласида туғилган. У Теҳрон университетида Ғарб фалсафаси бўйича докторлик даражасини олган. У сиёсий фаолиятини 1990 йилларда бошлаган. 1992 йилда Маданият ва исломий йўналиш вазирлигига раҳбарлик қилган. 1994–2004 йилларда Эрон телерадиоэшиттириш ташкилотини бошқарган. 2005 йилда Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби ва мамлакатнинг ядровий дастури бўйича бош музокарачиси бўлган. 2025 йилда яна шу лавозимга қайтган.
2008–2020 йилларда Эрон парламенти – Мажлис спикери бўлиб ишлаган. Шунингдек, президентликка номзод бўлган.
Live
Барчаси