Эрон Али Ларижоний вафот этганини тасдиқлади

Олам

image

Эрон Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Али Ларижоний ҳалок бўлди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати расмий Telegram саҳифасида маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Ларижоний билан бирга унинг ўғли Муртазо Ларижоний, Миллий хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Алирезо Баёт ҳамда бир гуруҳ қўриқчилари ҳам ҳалок бўлган.

Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён Ларижоний вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдириб, бунга жавобан “қаттиқ қасос олиниши”ни ваъда қилган. Унинг сўзларига кўра, Ларижоний Миллий хавфсизлик кенгашидаги фаолияти давомида минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, исломий давлатлар ўртасида бирдамликни кучайтириш учун катта ҳисса қўшган.

Кеча, 17 март куни Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац Ларижоний ўтган тунда Эронга берилган ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилган эди. 

Кац ўша ҳужумда “Басиж” халқ лашкари қўмондони, генерал-майор Ғуломризо Сулаймоний ҳам ҳалок бўлганини айтган. Бу маълумотни Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳам тасдиқлаган.

Корпус маълумотига кўра, Ларижоний, Сулаймоний ва бошқа ҳалок бўлганлар 18 март куни дафн этилади. 

Али Ларижоний ҳақида

Али Ларижоний Ироқда, Оятуллоҳлар оиласида туғилган. У Теҳрон университетида Ғарб фалсафаси бўйича докторлик даражасини олган. У сиёсий фаолиятини 1990 йилларда бошлаган. 1992 йилда Маданият ва исломий йўналиш вазирлигига раҳбарлик қилган. 1994–2004 йилларда Эрон телерадиоэшиттириш ташкилотини бошқарган. 2005 йилда Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби ва мамлакатнинг ядровий дастури бўйича бош музокарачиси бўлган. 2025 йилда яна шу лавозимга қайтган.

2008–2020 йилларда Эрон парламенти – Мажлис спикери бўлиб ишлаган. Шунингдек, президентликка номзод бўлган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Масъуд Пезешкиён Али Ларижоний Алирезо Баёт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг