Холмахматов қийноққа солиш жинояти бўйича амнистия қўллашни тақиқлашни таклиф қилди

Жамият

image
Ўзбекистонда Қийноқнинг олдини олиш қўмитаси ташкил этилади. Фойда бўлармикин? north_east

Ўзбекистонда Қийноқнинг олдини олиш қўмитаси ташкил этилади. Фойда бўлармикин?

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мамлакат Жиноят кодексининг 235-моддаси (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш)га қўшимча ва ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда бугун, 21 октябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисида Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Абдухалим Холмахматов маълум қилди.  

Ялпи мажлисда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши ҳолати юзасидан Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурага юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Ялпи мажлисда Холмахматов Жиноят кодексининг 235-моддасида қайд этилган жиноятни содир этганлик бўйича жавобгарликни янада кучайтиришни таклиф қилди. Унга кўра, қийноқларга қарши курашиш билан боғлиқ чоралар самарадорлигини янада ошириш мақсадида:

•    Жиноят кодексининг 235-моддасининг мавжуд санкциясини янада кучайтириш нуқтайи назаридан  такомиллаштириш; 

•    бу жиноят учун озодликни чеклаш жазосини чиқариб ташлаш; 

•    қийноқни қўллаш билан боғлиқ жиноятлар учун амнистия қўллашни тақиқлаш; 

•    жавобгарлик ва жазога тортиш муддат ўтиб кетгани билан боғлиқ нормаларни қийноққа солиш жиноятини содир этган шахсларга нисбатан қўлламаслик лозим.

Абдухалим Холмахматов таъкидлашича, прокуратура органлари парламентнинг қийноқлар борасидаги сўровидан етарлича хулоса чиқарган. 

“Ўйлайманки, кўрилаётган мана шу чоралар, албатта, ўз самарасини беради. Биз прокуратура органларидаги мавжуд камчиликлардан ҳақиқатан ҳам тўғри, тегишли хулоса чиқардик. Парламент сўрови амалиёти йўлга қўйилганидан хурсанд бўлдик. Биз билмаган хато-камчиликларимиз очиқ-ойдин кўрсатиб берилди. Шулар асосида тегишли чора-тадбирлар белгилаб олдик. Бундан кейин буларни кучайтириш чораларини кўрамиз”, дейди Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари. 

Маълумот ўрнида, Жиноят кодексининг 235-моддасига кўра: 

Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш, яъни маъмурий қамоққа олинган шахсга, шунингдек гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга, гувоҳга, жабрланувчига, жиноят процессининг бошқа иштирокчисига ёхуд уларнинг яқин қариндошларига улардан ёки бошқа учинчи шахсдан бирор-бир ахборот олиш, жиноят содир этганлигига иқрорлик кўрсатуви олиш мақсадида, уларни содир этилган қилмиш учун ўзбошимчалик билан жазолаш ёхуд бирор-бир ҳаракатни содир этишга мажбурлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг ёки бошқа давлат органининг ходими томонидан ёхуд унинг далолатчилигида ёки хабардорлигида ёхуд индамай берган розилиги билан бошқа шахслар томонидан қўрқитиш, уриш, дўппослаш, қийнаш, азоб бериш йўли билан ёки қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар воситасида содир этилган қонунга хилоф руҳий, психологик, жисмоний босим ўтказиш ёки бошқача тарзда босим ўтказиш, — муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлган зўрликни қўллаган ҳолда ёхуд шундай зўрликни қўллаш таҳдиди билан;

б) миллий, ирқий, диний ёки ижтимоий камситиш замирига асосланган ҳар қандай сабаб бўйича;

в) бир гуруҳ шахслар томонидан;

г) такроран;

д) кекса шахсга ёки ночор аҳволдаги шахсга, вояга етмаган шахсга ёхуд ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;

е) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;

ж) ҳаётга ва соғлиққа зарар етказиши мумкин бўлган ашёлар қўлланилиб;

з) далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) мақсадида содир этилган бўлса, — муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар баданга оғир шикаст етказилишига ёхуд бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, — муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ялпи мажлис Сенат Абдухалим Холмахматов

Баҳолаганлар

41

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг