ХОҚ трансгендерларга тақиқ қўймоқчи
Спорт
−
10 Ноябрь 2410 2 дақиқа
Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) 2026 йил бошида трансгендер спортчиларнинг Олимпия ўйинларида аёллар мусобақаларида иштирок этишини тақиқлаш ҳақида эълон қилиши кутилмоқда. Чекловлар, эҳтимол, жинсий ривожланишида бузилиш бўлган спортчиларга, масалан боксчи Имон Ҳалифга ҳам татбиқ этилади. Бу ҳақда “The Times” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ўтган ҳафта Лозаннада ХОҚнинг тиббий ва илмий масалалар бўйича қўмитаси раҳбари Жейн Торнтон ўтказган тадқиқот натижалари тақдим этилган. Тадқиқот туғма эркакларда тестостерон даражасини пасайтирувчи дори воситаларидан фойдаланган тақдирда ҳам жисмоний устунлик сақланиб қолишини тасдиқлаган.
“Бу жуда илмий, фактларга асосланган ва ҳиссиётлардан холи тақдимот бўлди, унда далиллар аниқ баён этилган”, дейди нашр манбаси.
ХОҚ энди янги қоидаларни ҳуқуқий жиҳатдан мукаммал шаклда расмийлаштириши керак. 2021 йилда ХОҚ бундай спортчиларнинг мусобақаларда иштирокига рухсат бериш ёки бермаслик ҳуқуқини халқаро федерацияларга топширган. Шундан сўнг айрим федерациялар, жумладан World Athletics ва World Aquatics уларнинг аёллар мусобақаларида қатнашишини деярли тўлиқ тақиқлаган.
World Boxing эса Париж ўйинларидаги жинсий баҳс ортидан спортчилардан жинсини генетик тест орқали тасдиқлашни талаб қила бошлаган. Ўша мусобақаларда Имон Ҳалиф ва Линь Юйтин олтин медални қўлга киритганди. Кейинроқ эса улар эркак хромосома тўпламига эга бўлганликда айбланди.
Live
Барчаси