ХОҚ трансгендерларга аёллар мусобақаларида қатнашишни тақиқлади

Спорт

image

2028 йилдан бошлаб Олимпиада ва Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) шафелигидаги бошқа мусобақаларнинг аёллар ўртасидаги баҳсларида фақат генетик тест ёрдамида ўз жинсини тасдиқлаган спортчи аёллар иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 26 март куни Халқаро олимпия қўмитаси баёнот эълон қилди.

“Собиқ спортчи сифатида мен барча олимпиячиларнинг ҳалол рақобатда иштирок этиш ҳуқуқига ишонаман. Биз эълон қилган сиёсат илм-фанга асосланган ва тиббий экспертлар раҳбарлигида амалга оширилмоқда. Олимпия ўйинларида ҳатто энг кичик фарқ ҳам ғалаба ёки мағлубиятга сабаб бўлиши мумкин. Биологик эркакларнинг аёллар тоифасида мусобақалашиши адолатдан эмаслиги мутлақо аён. Бундан ташқари, баъзи спорт турларида бу шунчаки хавфли бўлар эди”, дейди ХОҚ раҳбари Кирсти Ковентри.

Келгуси Олимпия ўйинларида аёллар тоифасида қатнашишни хоҳловчи барча спортчи аёллар энди SRY гени (Sex-determining Region Y) учун бир марталик тестдан ўтишлари керак бўлади. SRY гени одатда Y-хромосомада (эркаклилик) жойлашган бўлиб, организмнинг эркак типида ривожланишида иштирок этади. Одатда тест оғиз бўшлиғи ички қисмидан суртма олиш орқали ўтказилади.

“Илмий маълумотларга асосланиб, ХОҚ SRY генининг мавжудлиги бутун ҳаёт давомида сақланиб қолишини ва спортчида эркак жинси ривожланганининг жуда аниқ далили эканини ҳисоблайди”, дейилади ХОҚ хабарида.

BBC Sports қайд этишича, илгари ХОҚ трансгендер спортчиларни мусобақаларга киритиш масаласини алоҳида спорт турларининг бошқарув органлари ихтиёрига қолдирган.

Маълумот учун, 2023 йил март ойида Халқаро енгил атлетика федерациялари ассоциацияси (World Athletics) агар трансгендер аёллар эркаклар балоғат давридан кейин жинсини ўзгартирган бўлса, уларга асосий аёллар мусобақаларида қатнашишни тақиқлаган. Илгари трансгендер атлетларга, агар улар икки йил давомида қондаги тестостерон даражасини 2,5 наномол/литрдан паст ушлаб турган бўлса, аёллар ўртасидаги мусобақаларга рухсат бериларди. 2025 йил сентябридан бошлаб ташкилот аёллар мусобақаларида қатнашувчи спортчилар учун мажбурий генетик тестдан ўтиш қоидасини жорий қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилги Париж Олимпия ўйинларида жинс билан боғлиқ можаролар содир бўлган эди. Хусусан, жазоирлик боксчи Имон Ҳалиф можарога аралашиб қолганди. Унинг трансгендер эканлиги ҳақидаги мулоҳазалар кенг резонанс келтириб чиқарди. Бунга Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) шафелигида ўтказилган 2023 йилги Жаҳон чемпионатидан спортчининг четлатилиши билан боғлиқ вазият сабаб бўлганди. Ўша йили Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) ушбу ташкилотни тан олишни тўхтатган эди. 

IBA баёнотига кўра, Ҳалиф ва тайванлик спортчи Лин Ютинда ДНК-тести давомида XY-хромосомалари (стандарт эркак комбинацияси) ва тестостерон (асосий эркаклик гормони) даражаси юқорилиги аниқланган. Илмий нуқтаи назардан, бундай маълумотлар инсоннинг жинсини 100 фоиз кафолат билан аниқлаш имконини бермайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Олимпиада Халқаро олимпия қўмитаси трансгендер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг