Хитойнинг ҳарбий ҳаракатлари Тайвань сувларига босқин – орол маъмурияти

Олам 8419
image

Хитойнинг Тайвань атрофидаги сувларда жанговар ўқлар билан ҳарбий машқлар ўтказиш режалари халқаро юк ташиш йўллари ва минтақавий хавфсизликка таҳдид солмоқда. Бу ҳақда бугун, 3 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида орол мудофаа бўлими вакили Сунь Лифан маълум қилди.

“Бу халқаро тартибни шубҳа остига қўювчи, Тайвань бўғозидаги статус-квога путур етказувчи ва минтақавий хавфсизликни хатарга қўювчи мантиқсиз ҳаракатдир”, деган у.

Сунь Лифан Хитой Халқ Озодлик Армияси (ХОА) ҳаракатларини Тайвань сувларига босқин деб атаган.

Шу билан бирга, департамент вакили орол қуролли кучлари суверенитет ва унинг ҳудудларини ҳимоя қилиш, “ҳар қандай тажовузга қарши туриш” ниятида собит эканини қайд этган.

Аввалроқ агентлик Хитой Халқ Озодлик Армияси машқлари оролнинг йирик портлари ва шаҳар агломерацияларига таҳдид солишга уриниш, “минтақавий тинчлик ва барқарорликка путур етказиш бўйича бир томонлама уриниш” ва “ҳарбий қўрқитиш” тактикаси эканлиги ҳақида баёнот берган эди.

“Синьхуа” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Хитой армияси Ҳарбий-денгиз кучлари ва ҳаво кучлари 4-7 август кунлари Тайвань атрофидаги олтита ҳудудда жанговар снарядлар билан машғулот ўтказяпти. Шу билан бирга, белгиланган олтита машқ зонасидан учтаси орол маъмурияти ўзининг ҳудудий сувлари деб ҳисоблаган сув зоналарида жойлашган.

Шу билан бирга, белгиланган олтита машқ зонасидан учтасини орол маъмурияти ўзининг ҳудудий сувлари деб ҳисоблаган акваторияда жойлашган. Ушбу ҳудудлардан бири оролнинг жануби-ғарбий қирғоғида жойлашган энг катта порт – Гаосюндан 20 км дан камроқ масофада жойлашган.

Хитойнинг Шарқий жанговар қўмондонлик зонаси Тайвань бўғозида узоқ масофали артиллерия отишмаларини амалга ошириш, шунингдек, Тайвань шарқидаги сувларда ядросиз каллакли ракеталарни учириш ниятида эканини маълум қилди.

Маълумот учун, Тайвань атрофидаги вазият АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг оролга ташрифи сабаб кескинлашди. Нэнси Пелоси 2 август куни кечқурун Тайпейнинг Соншан аэропортига етиб келди ва оролда бир кун ҳам бўлмай, бугун, 3 август куни қайтиб кетди. Бу АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикерининг 1997 йилдан бери оролга қилган илк сафари бўлди. Пелоси Тайванда орол маъмурияти раҳбари Цай Ингвен билан учрашди.

Бу воқеа АҚШ ва Хитой муносабатларини таранглаштирди. Расмий Пекин Пелоси келишидан олдин Тайвань яқинида ҳарбий машғулотлар бошлаганди. Ташрифдан кейин эса орол атрофида бир қанча ҳудудларда машғулотларга старт берилди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сиёсатчининг ташрифига кескин норозилик билдирди ва уни қоралади. Унинг сафари “Ягона Хитой” тамойили ва учта Хитой-АҚШ коммюникелари қоидаларини жиддий равишда бузиши урғуланди. Пекин, шунингдек, Вашингтонни Хитойни назорат қилиш учун Тайвандан фойдаланишни тўхтатишга чақирди. Бундан ташқари, дипломатик департамент мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришига ишонтирди.

Оқ уйнинг фикрича, Пелосининг Тайванга ташрифи Хитой суверенитетини бузмаган, АҚШ маъмурияти эса “ўзини қўрқитишга йўл қўймаслигига” ишонтирган. Америка расмийлари минтақада кескинликнинг кучайишига ҳеч қандай сабаб йўқлигини таъкидламоқда.

Кремль Пелосининг сафарини минтақадаги кескинликни кучайтирувчи провокация деб атади. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков дунёнинг барча давлатлари буни қайд этаётганига эътибор қаратди ва Россиянинг Хитой билан бирдамлигини қайд этди.

Хитой ҳарбийлари Пелоси ташрифидан кейин шай ҳолатга келтирилди. Армия Тайвань атрофидаги бир нечта нуқтада ҳарбий машғулотлар бошлади.

Тайвань ва АҚШ муносабатлари

Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолган.

Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, уларни ХХР билан ўрнатган. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР расмийларининг норозилигига сабаб бўлди. 

АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Жорий йилнинг апрель ойида Давлат департаменти Patriot зенит-ракета тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича 95 миллион долларлик шартномани маъқуллади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 72
Рейтинг: 3.1
t
×