Хитойда яна бир амалдор ўлимга ҳукм қилинди
Олам
−
15 Октябрь 6309
Кеча, 14 октябрь куни Хитойда Ван Бо исмли мансабдор порахўрликда айбланиб, ўлимга ҳукм қилинди. Бу ҳақда “China Daily” хабар берди.
Ҳукм Хубэй провинцияси суди томонидан чиқарилган. Ван Бо Ички Мўғулистон мухтор вилояти Халқ Конгресси Доимий қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари эди. У умрбод сиёсий ҳуқуқларидан маҳрум қилинди ва унинг барча шахсий мол-мулки мусодара қилинди.
У 2003 йилнинг биринчи ярмидан 2024 йилнинг майигача ўз мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, жами 449 миллион юань (58,5 миллион доллар) миқдорида пора олган. Судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлгани ва тергов билан ҳамкорлик қилаётгани учун ҳукм ижроси икки йилга кечиктирилган.
Сўнгги бир неча йил ичида Хитойда коррупцияга қарши кенг кўламли кампания натижасида кўплаб амалдорлар ўз лавозимларини йўқотиб, қамоқ жазосига, жумладан, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Хитойда шартли ўлим жазосини олган маҳбус синов муддати давомида янги жиноят содир этмаса, унинг жазоси умрбод қамоқ жазосига ўзгартирилади. Агар маҳбус ўзини янада яхши тутса, унинг қамоқ муддати енгиллаштирилиши мумкин ёки у шартли равишда озод қилиниши мумкин. Бироқ Ваннинг ишида суд, агар у ўзини яхши тутса ҳам, жазо муддатини қисқартириш ёки шартли равишда озод қилиш имконияти бўлмаслигини, яъни умрининг қолган қисмини фақат панжара ортида ўтказишини айтди.
Суд ҳужжатларига кўра, Ваннинг фаолияти порахўрлик жиноятини ташкил этади ва у “ўлимга ҳукм қилиниши керак, чунки унинг пора миқдори ниҳоятда катта бўлган ва жиноятининг ҳолати ўта оғир бўлиб, мамлакат ҳамда халқ манфаатларига катта зарар етказган”.
67 ёшли Ван ўз фаолиятини 1977 йилда бошлаган ва 1986 йилда Хитой Коммунистик партиясига аъзо бўлган. У ўнлаб йиллар давомида мухтор вилоятда турли лавозимларда, жумладан Баотоу мэрининг ўринбосари ва Хух-Хото мэри лавозимларида ишлаган.
У 2018 йилнинг бошида маҳаллий олий қонун чиқарувчи орган – вилоят халқ қурултойи доимий комиссияси раиси ўринбосари бўлди. 2024 йилнинг июнь ойида у партия интизоми ва миллий қонунларни жиддий бузганликда гумон қилиниб, терговга тортилган. Олти ой ўтгач, у партиядан чиқариб юборилди.
Жорий йилнинг апрель ойида унга порахўрлик айблови қўйилган ва суд ишни июнь ойида очиқ кўрган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Вэньчжоу шаҳридаги Ўрта халқ суди жиноий гуруҳнинг 11 нафар аъзосини ўлимга ҳукм қилганди. Гуруҳ ноқонуний қимор ўйинларини ташкил қилиш ва 1,4 миллиард доллардан ортиқ пул айланмаси билан боғлиқ фирибгарлик операцияларини уюштирганликда, шунингдек, талабни бажаришдан бош тортган ходимларни ўлдиришда айбланган.