Хитойда учар автомобиллар тўқнашиб кетди (видео)
Олам
−
17 Сентябрь 17507 1 дақиқа
Кеча, 16 сентябрь куни Хитойда авиашоуга тайёргарлик кўраётган иккита учар автомобиль ҳавода тўқнашиб кетди. Бу ҳақда “Newsweek” хабар берди.
Маълумотларга кўра, иккала учар машина ҳам Хитойнинг Xpeng электромобиль компаниясига тегишли бўлган. Тўқнашув оқибатида учувчиларидан бири жароҳат олган ва машиналардан бири ерга тушганидан сўнг, ёниб кетган.
Хитой оммавий ахборот воситаларида намойиш этилган видеоларда автомобиллардан биридан тутун чиқаётгани, ўт ўчириш ва тез ёрдам машиналари воқеа жойига етиб келганини кўриш мумкин.
Компания матбуот хизмати баёнотига кўра, тўқнашув бўш жой етарли бўлмагани туфайли содир бўлган ва биринчи автомобилнинг асосий қисми шикастланган ва иккинчиси ёниб кетган.
“Воқеа жойидаги барча ходимлар хавфсиз, маҳаллий маъмурият жойларда фавқулодда чораларни тартибли равишда якунлади, тўқнашув сабаблари ўрганилмоқда”, дея қўшимча қилинган компания баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ақлли учар автомобиллар ишлаб чиқарувчи завод қурилиши бошланган эди.
Бунёд Келдибоев