Хитойда коронавирус вакцинаси синовининг биринчи босқичи якунланди

Саломатлик 9956
image

Хитойлик олимлар 508 кўнгиллиларда SARS-CoV-2 коронавирусига қарши экспериментал вакцинани синаб кўришди. Бу ҳақда “Global Times” нашри хабар бермоқда.

Клиник синовларнинг биринчи босқичи 16 мартдан бошланган ва у аллақачон тугади. Эмлаш пайтида унинг хавфсизлиги текширилди. 12 апрелда унинг самарадорлигини тасдиқлаш учун мўлжалланган иккинчи босқич бошланди. Агар ҳамма нарса режага мувофиқ бўлса, май ойида уни кимларга қандай қўлланилиши ҳақида маълумот олинади.

Хитой олимлари Эбола вирусига қарши вакцина устида ишлашда олинган муваффақиятли тажрибадан фойдаланиб, аденовирал вектор асосида рекомбинант вакцина ишлаб чиқдилар. Тадқиқотни олиб борадиган Пекин Ҳарбий Тиббиёт Академиясининг эпидемиологи Чен Вейнинг сўзларига кўра, инъэкциядан кейин 7 ва 14 кунларда олинган маълумотлар вакцина хавфсиз эканлигини кўрсатди.

“Ҳозирги вақтда вакцинация коронавирусни олдини олиш учун энг кучли воситалардан бири бўлиши мумкин“, деди Чен Вей.

Таъкидланишича, март ойида, ушбу вакцинани синашда иштирок этган кўнгиллилар учта гуруҳга бўлинганлар. Уларга препарат турли дозаларда берилади. Эмлашдан кейин улар 14 кун давомида карантинга олинади ва кейин олти ой давомида мунтазам тиббий кўрикдан ўтказилади. Тадқиқотлар 31 декабргача давом этиши айтилмоқда.

Маълумот учун, Чен Вей гуруҳи дунёда биринчи бўлиб вакцина клиник синовларининг иккинчи босқичига ўтди.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб коронавирус билан боғлиқ 2 850 845 та ҳолат аниқланган. Касалланганларнинг 812 465 нафари соғайган, 198 116 нафари эса вафот этган. Мавжуд беморлар сони 1 840 264 кишини ташкил қилмоқда.

 
Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 453
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×