Хитойда коронавирус бўйича ўлим жазоси жорий қилинди

Олам

image

Хитойда COVID-19 коронавируси аломатларини беркитиш ва беморларнинг аҳволи ҳақида ёлғон маълумот бериш ўлим билан жазоланиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 15 февраль куни Хитой суди тарқатган баёнотда айтилган.

Баёнотга кўра, кишининг саёҳатлари ҳақидаги ахборотни яшириши ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Вирус тарқатувчиси бўлган одам, жамоат хавфсизлигига таҳдид қилишда айбланади. Бу айблов билан “айбланувчи” 10 йил ёки умрбод қамоқ , агар бу ҳам камдек кўринса ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Хитойнинг Соғлиқни сақлаш бўйича миллий комиссияси 15 февраль куни йўтал, ҳарорат ва бошқа вирусли касаллик аломатлари бўлган одамларнинг мамлакат бўйлаб автобус, поезд ва самолётда ҳаракатланишини тақиқлаб қўйди. Бундан ташқари, эпидемия ўчоғида таътилдан қайтаётганлар ё уйда ўтириши керак, ё 14 кун шифокорлар назоратида бўлиши керак. Бундан бош тортганлар жазоланади.

Хитойда кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари Ҳукумат узайтирган таътил ниҳоясига етганидан кейин ҳам фаолиятини бошлмаган. Хитой Транспорт вазири ўринбосари Лю Сяомин мамлакат ичида қатновлар нормал шароитдаги ҳажмнинг бешдан бирини ташкил қилаётганини маълум қилди.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 28 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия ва Мисрда аниқланди.

Бугунача, дунёда коронавирус қурбонлари 1669 нафарга, касалланганлар 69 270 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.

Коронавирус бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой вирус

Баҳолаганлар

650

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг