Хитойда кана орқали юқадиган янги вирус аниқланди
Олам
−
09 Сентябрь
3617Хитойнинг Пекин микробиология ва эпидемиология институти олимлари одамнинг асаб тизимига зарар етказувчи янги вирусни аниқлади. Бу ҳақда “The New England Journal of Medicine” илмий журналида эълон қилинган тадқиқот натижаларида сўз боради.
Олимларга кўра, ушбу вирус каналар орқали тарқалади. Вирус дастлаб Хитой шимолидаги Ички Мўғулистондаги паркда кана чаққан 61 ёшли эркакда аниқланган. Шундан сўнг, беморда иситма, бош оғриғи ва қайд қилиш аломатлари кузатилган. Антибиотиклар касаллик белгиларини енгиллаштирмаган, бу эса инфекцияни бактериялар келтириб чиқармаганини англатади. Янги аниқланган патоген сув-ботқоқ вируси ёки WELV деб номланган.
Ушбу вирусни орттирган эркакнинг қонидаги DNK ва RNK таҳлилида илгари кузатилмаган ортонаировирус аниқланган.
“Бундай вирусларга каналар орқали тарқаладиган бир қатор патогенлар киради. Улар орасида Қрим-Конго геморрагик иситмаси вируси ҳам бор”, дейилган журналда.
Таҳлилларга кўра, илгари WELV вируси ҳайвонларда ҳам, одамларда ҳам қайд этилмаган. Беморнинг қонида аниқлангандан сўнг, тадқиқотчилар 14,6 мингга яқин канани йиғиб, уларни жойлашуви ва турига кўра гуруҳларга ажратиб таҳлил қилган. Бу гуруҳларнинг тахминан 2 фоизи WELV генетик материалига ижобий натижа кўрсатган.
Беш турдаги кана вирусни юқтира олади, бироқ кўпинча WELV ташувчилари Haemaphysalis concinna (иксод каналарининг бир тури) бўлиб чиқди. Шунингдек, вирус тадқиқотчилар ўрганган қўй, от ва чўчқаларнинг оз қисмида ҳам аниқланган.
Инфекция билан касалланган беморларда иситма, бош айланиши, бош оғриғи, ҳолсизлик ва бел оғриғи, шунингдек, кўнгил айниш, қайд қилиш ва ич кетиши каби умумий аломатлар кузатилган. Лаборатория таҳлиллари натижалари кўплаб беморларда тўқималарнинг зарарланиши ва қон ивишининг белгиларини кўрсатган.
“Олимлар WELV билан касалланган барча одамлар бир-икки ҳафта ичида соғайиб кетганини айтмоқда. Бироқ, лаборатория сичқонларида ўтказилган тажрибалар шуни кўрсатганки, WELV мия ва бошқа аъзоларни зарарлаб, ўлимга олиб келиши мумкин”, дейилади таҳлилда.
WELV билан касалланган бир бемор ҳатто ҳушидан кетиб, комага тушган. Бу беморнинг мия ва орқа мияни ўраб турувчи суюқлигида лейкоцитлар миқдори юқори бўлган, бу эса инфекция борлигини кўрсатувчи белги ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг апрель ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти H3N8 парранда гриппи ташхиси мусбат бўлган хитойлик аёл вафот этганини маълум қилганди. Бемор оғир пневмония билан шифохонага ётқизилган, унда бир қатор сурункали касалликлар ҳам бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь