Республика педиатрия маркази янги вирусга чалинган болалар билан тўлдими?

Саломатлик

image

Ижтимоий тармоқларда Республика педиатрия маркази бемор болалар билан тўлгани, уларнинг бир қисми янги вирусга чалингани айтилган хабарлар тарқалмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлардаги болаларнинг метапневмовирусга чалингани хусусидаги маълумотлар мутлақо асоссиз. 

Билдирилишича, Янги йил арафасида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг жами бешта —  Чақалоқларни парвариш қилиш, Чақалоқлар патологияси ва реанимацияси, Гепатология, Нефрология ҳамда Умумий педиатрия бўлимларида профилактик ювиш-тозалаш ва зарарсизлантириш ишлари амалга оширилган. Мазкур бўлимларнинг барчаси бугун, 6 январь кунидан қайта очилган ва бу ҳолат беморлар оқими нисбатан ортишига сабаб бўлган. 

"Қолаверса, марказ ижтимоий тармоқлардаги хабарларда қайд этилган юқумли касалликларга чалинган беморларни қабул қилиш ва даволашга ихтисослаштирилмаган. Шундай экан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан турли асоссиз ва текширилмаган хабарлар тарқатмасликни сўрайди", дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда ҳам айни вақтда ўткир респиратор инфекцияларнинг мавсумий кўтарилиши кузатилаётгани, республикада уларнинг лаборатория текширувлари мунтазам амалга ошириб келинаётгани ва ана шундай текширувларнинг 39,9 фоизида грипп вируси, 32,2 фоизида риновирус, 30,6 фоизида респиратор-синцитиал вирус ва 1,2 фоизида метапневмовирус аниқланганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

вирус метапневмовирус

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг