Хитойда автобус бир гуруҳ ўқувчиларни босиб кетди
Олам
−
03 Сентябрь
5138Бугун, 3 сентябрь куни эрталаб Хитой шарқида автобус мактаб олдида ўқувчилар ва ота-оналар устига бостириб бориши оқибатида 11 киши ҳалок бўлди, 13 киши яраланди. Бу ҳақда “Синьхуа” агентлиги хабар берди.
Манбага кўра, маҳаллий вақт билан 7:27 да ўқувчилар Шаньдун провинциясининг Тайъан шаҳридаги ўрта мактаб дарвозаси олдида турган пайтда автобус уларнинг устига бостириб борган. Донгпинг округи жамоат хавфсизлиги бюроси баёнотига кўра, ўқувчиларни ташиш учун мўлжалланган махсус автобус чорраҳага келиб бошқарувни йўқотган. Оқибатда беш ўқувчи ва олти нафар уларнинг ота-онаси ҳалок бўлган, 13 киши шикастланган. Шунингдек, жароҳатланганлардан бирининг ҳам аҳволи оғир, қолганлариники барқарор.
Қайд этилишича, автобус ҳайдовчиси полиция томонидан ҳибсга олинган, ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.
Маълумот учун, март ойида Дэчжоу шаҳрида бир гуруҳ ўқувчиларни машина босиб кетган, икки киши ҳалок бўлган ва олти киши оғир яраланган. Шунингдек, ойнинг охирида Цзянсу провинцияси шарқидаги Наньтун шаҳрида талабаларни олиб кетаётган автобус юк машинаси билан тўқнашиб кетган. Оқибатда бир киши ҳалок бўлган, саккиз киши жароҳатланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистонда иккита автобус жарликка қулаши оқибатида 34 киши ҳалок бўлган эди.