Хитойда 140 йил ичидаги энг кучли ёмғир катта талофатларга сабаб бўляпти
Олам
−
08 Сентябрь 2023
2986Гонконг ва Хитой жанубида рекорд даражадаги ёмғир туфайли сув тошқинлари кузатилмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Минтақадаги кучли ёғингарчилик оқибатида Хитойнинг жанубий шаҳарлари кучли сув тошқини билан курашмоқда.
Бугун, 8 сентябрь куни Гонконгда кўчалар ва метро бекатлари сув остида қолган. Шу сабабли расмийлар ўша ҳудуддаги мактаб ва иш жойларини вақтинчалик ёпишга мажбур бўлишди.
Метеорология бюросининг айтишича, жорий йилнинг 7 сентябрь куни бошланган ёмғир сўнгги 140 йил ичидаги энг кучлисидир.
Мамлакат Фавқулодда хизматлар вазирлиги 100 дан ортиқ фуқаро шифохонага ётқизилгани ва бир қанча қутқарув ишлари олиб борилаётганини айтган.
Пайшанба оқшомида олинган суратларда шиддатли ёмғир туфайли кўчаларда тошқин кузатилгани, савдо марказлари ва жамоат транспортини сув босганини кўриш мумкин.
Аянчлиси, Гонконгни мамлакат шимолидаги Коулун ярим ороли билан боғлайдиган асосий йўл ҳисобланувчи бандаргоҳ туннели сув остида қолган. Ёмғир Гонконгнинг тоғли ҳудудларида ҳам кўчкиларни келтириб чиқарган. Баъзи автомагистралларни тўсиб қўйган.
Расмийлар ёмғир шанба кунига қадар давом этишини айтиб, ёғингарчилик соатига 70 мм дан ошиши ҳақидаги огоҳлантириш билан чиққан. Айтиш жоизки, бундай ёмғир ёғиши1884 йилдан бери кузатилмаган.
Маълумот учун, Хитой жанубидаги аҳоли зич жойлашган қирғоқбўйи ҳудудларида ўн миллионлаб одамлар яшайди.
Эслатиб ўтамиз, 1 август ҳолатига кўра Хитойда кучли ёмғир туфайли 44 673 киши жабр кўрган, 11 киши ҳалок бўлган ва 27 киши бедарак йўқолганди.