Хитойдаги кучли ёмғир оқибатида ҳалок бўлганлар сони ортяпти (видео)
Олам
−
01 Август 2023
4028Аввалроқ Хитой пойтахти Пекинда кучли ёмғир туфайли пайдо бўлган сув тошқинлари оқибатида икки киши ҳалок бўлганди. Ушбу сув тошқинлари оқибатида Пекиннинг 13 туманида 44 673 киши жабр кўрди, 11 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Associated Press” Пекиндаги тошқиннинг олдини олиш бошқармасига таяниб хабар берди.
“Яна 27 киши бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган, улардан тўрт нафари билан алоқа қутқарув ишлари давомида узилган”, дейилади хабарда.
Шаҳарнинг хавфли ҳудудларидан 127 минг киши эвакуация қилинган. Сув тошқинлари ва сел келиш хавфи сақланиб қолмоқда.
Пекин метеорология хизмати ёмғир ҳақида огоҳлантиришни қизилдан тўқ сариқ рангга (ғарбий Мэньтоугоу ҳудудида) ва сариққа (бошқа ҳудудларда) туширган.
Пекин об-ҳаво станцияси маълумотларига кўра, 29 июль оқшомидан 1 август тонгига қадар Пекинда ўртача 260 мм ёғин тушган. Энг кўп ёғингарчилик Мэньтоугоу ва Фаншань туманларига тўғри келган. Бу ерда ўртача 447,6 мм ёмғир ёғган.
Эслатиб ўтамиз, 28 июль куни Хитойга “Доксури” тўфони ёпирилганди. Оқибатда 724,6 минг одам жабрланган.