“Хитойча тест”: “Time” Си Цзиньпинга ниқоб тақди
Олам
−
07 Февраль 2020
7557Дунёга машҳур “Time” журнали ўзининг навбатдаги сонини Хитойда пайдо бўлиб, дунёнинг 26 давлатига тарқалишга улгурган янги 2019-nCoV коронавирусига бағишлади.
Журналнинг навбатдаги сони муқовасини Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг тиббиёт ниқоби таққан сурати безади.
“Time” бу ҳолатга берган изоҳида иллюстрация Эдель Родригезга тегишли экани ва унда: “Хитойча тест”, деб ёзилганини айтган.
Шу тариқа, нашр эътиборни Хитойда тарқалган вирусли пневмонияга қаратишни истаган. Навбатдаги сонда Чарли Кемпбелланинг “Коронавирус эпидемияси Си Цзиньпиннинг “Хитой асри” тўғрисидаги орзусини барбод қилиши мумкин” деган мақоласига асосий ўрин ажратилган.
TIME’s new cover: The coronavirus outbreak could derail Xi Jinping’s dreams of a Chinese century https://t.co/f7CaZ74iv4 pic.twitter.com/sd7UOSyL8Q
— TIME (@TIME) February 6, 2020
Ушбу сон 17 февраль куни дунё юзини кўради.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 26 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал ва Испанияда аниқланди.
Вирусдан ҳалок бўлганлар сони 638 нафарга, у билан касалланганлар сони 31 481 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.