Хитой Ерни астероиддан ҳимоялаш учун мутахассислар йиғишни бошлади
Бу қизиқ
−
15 Февраль
7710Хитой 2032 йилда астероиднинг Ер билан тўқнашув эҳтимоли сабабли сайёравий мудофаа кучлари учун кадрлар танловини бошлади. Бу ҳақда “Global Times” хабар берди.
Маълум қилинишича, Хитой Миллий мудофаа фан, технология ва саноат бошқармаси (SASTIND) томонидан эълон берилган. Унда аэрокосмик технологиялар, халқаро ҳамкорлик ва астероидларни кузатиш бўйича мутахассисликка эга ёш битирувчилар изланаётгани билдирилган.
Ҳозирда 2024 YR4 астероиди Европа ва АҚШ космик агентликлари томонидан энг катта хавф туғдирувчи объект сифатида эътироф этилган. Ўтган ҳафта таҳлилчилар унинг Ер билан тўқнашув эҳтимолини 1,3 фоиздан 2,2 фоизга оширган.
SASTIND WeChat тармоғида 16 та иш ўрни бўйича эълон берган бўлиб, шулардан учтаси сайёравий мудофаа кучлари учун мўлжалланган. Номзодлар учун 35 ёшдан ошмаган бўлиш ва аниқ сиёсий қарашларга эга бўлиш талаби қўйилган.
Танлов учун вазифалар орасида халқаро ҳамкорлик, янги ва экспериментал технологиялар бўйича тизимларни ишлаб чиқиш каби йўналишлар бор. Иш таърифи эса “Ерга яқинлашаётган астероидларни кузатиш ва эрта огоҳлантириш бўйича тадқиқотлар” сифатида берилган.
“SpaceNews” мухбири Эндрю Жонснинг таъкидлашича, бу иш ўринлари 2024 YR4 астероидининг аниқланиши билан бир вақтга тўғри келмоқда ва улар Хитойнинг аллақачон бошланган сайёравий мудофаа ташаббусларгаи қўшимча чора бўлиши мумкин.
Бироқ планетолог Харрисон Агрусанинг фикрича, 2024 YR4 ҳақида ортиқча хавотирга ўрин йўқ, чунки бу масала бўйича бир нечта давлат ва аэрокосмик ташкилотлар биргаликда иш олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилнинг декабрь ойида астрономлар томонидан кашф этилган 2024 YR4 астероиди Ер билан тўқнашиши мумкинлиги хабар қилинганди. Диаметри 70 метр бўлган бу астероид Челябинск метеоритидан 3-4 баравар катта ва у Ер билан 2032 йил 22 декабрда тўқнашиши мумкин. Лекин тўқнашув эҳтимоли ҳақидаги маълумотлардаги катта фарқ кузатиш вақти қисқа бўлгани ва прогноз қилинган давр 8 йилга чўзилгани билан боғлиқ. 2028-2029 йилларда қўшимча кузатишлар орқали бунга аниқлик киритилади. Шу сабабли, астероиднинг ерга умуман тушмаслиги ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.