Хитой ядровий арсеналини 3-4 баравар оширяпти – Пентагон
Олам
−
06 Август 2022
6287Хитой ўзининг ядровий арсеналини 3-4 баравар оширмоқда. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Колин Кол маълум қилди.
“Хитой ўзининг ядровий арсеналини жуда тез суръатларда – уч, ҳатто тўрт мартагача ошириш жараёнида”, дейди у.
Колнинг таъкидлашича, АҚШ маъмурияти аввалроқ Хитойнинг стратегик барқарорлик масалаларини муҳокама қилиш нияти ҳақидаги баёнотларини эшитган, бироқ Вашингтон “Пекиннинг бундай ишларга тайёрлигини кўрмаяпти”.
Шу билан бирга, америкалик расмий унинг мамлакати Хитой билан зиддиятга киришни истамаслигини таъкидлаган.
“Тайвань атрофидаги вазиятда биз кўрган яхши жиҳатлардан бири Хитойдан ҳеч қандай ядровий таҳдид йўқлиги эди”, дейди у.
Нэнси Пелоси 2 август куни кечқурун Тайпейнинг Соншан аэропортига етиб келди ва оролда бир кун ҳам бўлмай, бугун, 3 август куни қайтиб кетди. Бу воқеа АҚШ ва Хитой муносабатларини таранглаштирди. Расмий Пекин Пелоси келишидан олдин Тайвань яқинида ҳарбий машғулотлар бошлаганди. Ташрифдан кейин эса орол атрофида бир қанча ҳудудларда машғулотларга старт берилди.
Тайвань ва АҚШ муносабатлари
Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолган.
Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, уларни ХХР билан ўрнатган. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР расмийларининг норозилигига сабаб бўлди.
АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Жорий йилнинг апрель ойида Давлат департаменти Patriot зенит-ракета тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича 95 миллион долларлик шартномани маъқуллади.