Хитой Тайванга қурол сотгани учун АҚШга санкция киритди
Олам
−
13 Июль
7523Тайвань Вашингтондан F-16V қирувчи самолётларида фойдаланадиган инфрақизил қидирув ва кузатув тизимларини сотиб олади. Бу ҳақда оролнинг марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, шартнома суммаси 345 миллион долларни ташкил қилади. Қурол сотиб олиш режасига киритилган тегишли тизимлар АҚШдан буюртма қилинган 66 та F-16V қирувчи самолётларига ўрнатилади.
Орол мудофаа идорасининг аниқлик киритишича, ушбу янги авлод тизимлари F-16V учун махсус ишлаб чиқилган ва қирувчиларнинг нишонларни аниқлаш ва уларни кузатиш қобилиятини, шунингдек, ҳаво жангларининг умумий самарадорлигини оширади.
Хитой эса Тайвань ороли маъмуриятига қурол етказиб бергани учун АҚШнинг бир қатор ҳарбий-саноат компаниялари ва уларнинг раҳбарларига қарши янги санкциялар жорий қилди.
“Қўшма Штатлар яқинда Хитойнинг Тайвань минтақасига қурол-яроғ сотишни қайта эълон қилди, бу “Ягона Хитой принципи” ва “Уч Хитой-АҚШ қўшма коммюникеси”ни жиддий бузади, Хитойнинг ички ишларига жиддий аралашув ҳисобланади ҳамда Хитой Халқ Республикасининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига катта зарар етказади. Хитой Халқ Республикасининг “Хорижий санкцияларга қарши” қонунининг 3, 4, 5, 6, 9 ва 15-моддаларига мувофиқ, Хитой АҚШнинг ҳарбий саноат корхоналари ва уларнинг юқори раҳбариятига қарши чоралар кўришга қарор қилди”, дейилади ТИВ баёнотида.
“Қора рўйхат”га киритилган ташкилотлар орасида Anduril корпорацияси, Maritime Tactical Systems Corporation, Pacific Rim Defense Corporation, AEVEX Aerospace Corporation, LKD Aerospace Corporation ва Summit Technology корпорацияси бор. Уларнинг Хитойдаги активлари ва мулклари музлатилади. Шунингдек, мазкур корхоналарнинг 11 нафар раҳбар ходимлари рўйхатга киритилди. Уларнинг Хитойга, жумладан Гонконг ва Макаога кириши тақиқланади.
Маълумот учун, Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини эълон қилар экан, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда. АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Американинг оролга бир неча йил давомида етказиб берган ҳарбий юкларининг умумий миқдори 70 миллиард доллардан ошган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь