Ўзбекистон учун табу. Хитой-Тайвань “уруши”

Таҳлил

Биринчи жаҳон урушидан кейин 1926 йилда Хитойда ҳокимият тепасига Чан Кайши бошчилигидаги Гоминдан партияси келди. Мамлакатда бошбошдоқлик авж олган ва инглиз лоббиси бошқарувнинг ҳар бир қаричига чирмашиб олган пайтда бу ҳақиқий қаҳрамонлик эди. Бироқ мазкур даврда Хитойда яна бир куч – коммунистлар ҳам кучайиб бораётганди. Улар 1931 йилда Хитой Совет Республикасига асос солди. Бу воқелик эса кейинчалик гоминданчилар ва коммунистлар ўртасидаги узоқ давом этган 20 йиллик фуқаролар урушига олиб келди. Иккинчи жаҳон уруши якунлангандан сўнг, Хитойдаги локал можаро бир қадар жиддий тус олди. Икки йирик ўйинчилар – АҚШ ва СССРнинг ушбу муаммога аралашиши вазиятни янада чигаллаштирди. Америкаликлар Гоминдан партияси томонида турган бўлса, СССР коммунистик режимни қўллаб-қувватлади. Дастлаб гоминданчилар урушда устунлик қилди, бироқ Совет Республикасининг анча салмоқли ёрдами туфайли коммунистлар якунда масалани ўз фойдасига ҳал қилди. 1949 йилда Мао Цзэдун бошчилигидаги коммунистлар бутун Хитойни бўйсундирди ва Хитой Халқ Республикасини эълон қилди. Гоминданчилар эса мамлакат ҳудуди билан сув орқали ажралиб турган Тайвань оролига кўчиб ўтган ҳолда ХХРдан алоҳида мустақил бўлган давлатни барпо этганини маълум қилди. Мазкур ҳодиса эса дунё ҳамжамиятига бугун ҳам яшашда давом этаётган 75 ёшли “Тайвань можароси”ни туҳфа қилди.

Хиёнат қурбони бўлган орол

Дунё харитасида иккита “Хитой” пайдо бўлгандан сўнг халқаро муносабатларда 30 йил давомида қизиқ ҳолат кузатилди. Дунё давлатларининг аксар қисми, халқаро ташкилотлар, шу жумладан БМТ билан муносабатларда Хитой номидан Тайвандаги ҳукумат алоқаларга киришган. Бунга бир қанча сабаблар бор эди. Хусусан, БМТни ташкил қилишда Хитой номидан айнан гоминданчилар қатнашишган. Сабаби Иккинчи Жаҳон уруши якунига қадар Чин юртининг катта қисми айнан улар томонидан назорат қилинарди. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар ва капиталистик дунёда бу пайтда коммунизмга қарши кайфият авж олган ва улар ўз-ўзидан ХХРнинг сиёсий ва иқтисодий қарашларини хушламасди. Ғарб дунёси учун капиталистик йўлни танлашга мойил бўлган Тайвань (Хитой Республикаси) билан алоқа қилиш анча қулай эди. Бу факторлар Тайванга Хитойдаги асосий ерларга эгалик қилувчи ХХРдан умумий ер майдони 267 мартага кичик бўлишига қарамай, халқаро майдонда Хитой номидан биринчи даражали давлат сифатида қатнашишга йўл очган.

Бироқ улкан ер майдони ва миллиардга яқинлашаётган аҳоли омили ўз ролини ўйнамай қолмади. 1979 йилдан бўшаб Хитой БМТда Тайваннинг ўрнини эгаллади ва бу воқеа оролнинг мустақил ва тан олинган давлат мавқейини бир лаҳзада “квази давлат” мақоми билан алмаштирди. Бу пайтга келиб, ХХР дунёда ўзининг улкан таъсирига эга бўлиб улгурган эди. Мао Цзэдун ўлимидан сўнг, ўзининг юқори даражали прагматизми билан танилган Дэн Сяопин ҳокимият тепасига келди ва бугунги қудратли Хитойнинг пойдеворини қуришни бошлади. Қишлоқ хўжалигини яхшилашга қаратилган ислоҳот ривожланишдаги энг асосий нуқта бўлиб хизмат қилди. Хитой 900 миллионга яқин аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлашни уддалади. Бундан ташқари, у бу соҳадаги асосий экспортёр бўлиб олди. Бу ва бошқа соҳадаги таъсирлар орқали “аждарлар” аста-секинлик билан дунё давлатлари учун муҳим субъектга айланди. Устига-устак гоминданчиларнинг отаси бўлган ва халқаро доираларда ўзига яраша обрўга эга Чан Кайши 1975 йилда вафот этганди. Бу эса Ғарб давлатларини ҳеч бир иккиланишсиз Хитойни Тайвань билан алмаштиришларига сабаб бўлди.
 
Тайвань ҳаётини сақлаб қолган уч воқеа

Мазкур жараён Тайвань учун хавотирлар ва бир қанча жиддий саволлар туғдирди. Бу ҳолатда уларнинг мустақиллиги сўроқ остида қолди. Доимий равишда юқори даражадаги дипломатик алоқаларни олиб борадиган давлатлар Тайвань билан фақатгина ишчи доирадаги муносабатларни сақлаб қолди, қисқа қилиб айтганда, улар оролга шунчаки хиёнат қилди. Хитойнинг шиддат билан ривожланиб, ер юзида таъсир доираси тўхтовсиз равишда кенгайиб бораётгани эса Тайвань учун янада хатарли эди.

Бироқ Тайвань мустақиллиги бир қанча объектив сабабларга кўра сақланиб қолди. Бунда асосан уч омил муҳим аҳамият касб этади. Биринчиси, бу оролнинг географик жойлашувидир. Чан Кайши ўз тарафдорлари билан мамлакатни тарк этаётганда, стратегик жиҳатдан жуда муҳим жой танлагани у томонидан қурилган “муаммоли давлат”нинг кейинчалик ҳам узоқ яшаб қолишида маълум даражада хизмат қилган. Бугун орол жойлашган ҳудуд АҚШнинг бу минтақадаги яшовчанлигини таъминлайди. АҚШ ҳарбий мулозимларига кўра, бу орол айни дамда мамлакатнинг Жануби-шарқий Осиё ҳудудидаги қолган ҳамкорларини Хитой тажовузидан сақловчи “буфер зона” ҳисобланади. Ушбу жиҳат Тайванни Хитойга бериб қўймаслик учун муҳим сабаблардан биридир.

Тайвань иқтисодий ривожланиш жараёнини 1960 йилларда бошлади. Шу пайтдан бошлаб Тайвань катта тезликдаги иқтисодий ривожланиш даврига кирди. Кенг кўламдаги иқтисодий ва индустриал ривожланиш оролнинг мустақиллик илдизларини ерга янада чуқурроқ қилиб қадади. Бу даражадаги кескин ривожланиш “Тайвань мўжизаси” деб номланди.

Юқорида келтирилган икки сабаб – географик жойлашув ва иқтисодий ривожланиш – оролнинг кейинги тақдирида бир-биридан кам бўлмаган муҳим ролларни бажарган. Бироқ булар энг зарур сабаблар эмас. Тайвань мустақиллиги учун сув ва ҳаводек муҳим бўлган таянч бу – яримўтказгичли микрочиплардир. Рақамли дунё бу мосламасиз жойида тошдек қотган бўларди. Технология асри ярим ўтказгичлар билан узвий боғланган. Бугун ушбу зарур маҳсулотнинг асосий ишлаб чиқарувчиси айнан Тайвань ҳисобланади. Оролда содир бўладиган ҳар қандай беқарорлик дунё техник ҳолати учун фатал оқибатларни келтириб чиқаради. Шундай қилиб, айни пайтда 35 минг квадрат км майдонда жойлашган Тайванни, ҳажми миллиметрларда ўлчанувчи майда микросхемалар кўтариб турибди.

Тайвандаги манфаатлар тўқнашуви

1894-1895 йилларда бўлиб ўтган биринчи Хитой-Япон урушидаги мағлубиятдан сўнг, Хитой ҳукумати японлар билан Симоносеки шартномасини имзолайди. Унга кўра, Тайвань устидан бошқарув ҳуқуқи Японияга берилади ва шартнома 1945 йилгача амал қилади. Иккинчи жаҳон урушидаги Япониянинг қақшатқич мағлубияти унинг мустамлакачилик ҳаракатларига чек қўйган ҳолда, оролни ўзининг асл эгасига қайтарилишига олиб келди. Минтақа давлатлари учун Тайвань ороли тарихан муҳим ҳудуд бўлганини ушбу воқеалар орқали англашимиз мумкин. Азалдан йирик марказлар ўртасида улкан қизиқиш орттирган Тайвань бугун ҳам ўзига жалб қилиш қобилиятини йўқотмаган.

Тайвань нега дунёнинг икки гигантини бунчалик қизиқтиршига бир қанча аниқ сабаблар мавжуд. Бу сабаблар асосан сиёсий ва иқтисодий кўринишга эга. Иқтисодий сабаб дунё давлатлари томондан жуда кўп тилга олинадиган яримўтказгич саноати билан боғлиқ. Тайвань компаниялари технологик инновациялар бўйича етакчи бўлиб, жаҳон иқтисодиётига катта ҳисса қўшмоқда. Дарҳақиқат, бугун Тайвань яримўтказгичлар бозорида яққол етакчи давлат ҳисобланади. Уларнинг жаҳон бозоридаги роли нафақат рақамлар, балки улар тақдим этаётган сифат ва инновацияларда ҳам намоён бўлади. Яримўтказгичлар рақамли инқилоб учун жуда муҳим бўлиб, технология соҳасидаги ютуқларни бошқаради. Бугун Тайвань биргина яримўтказгич ишлаб чиқариш бўйича жаҳон бозорининг 53 фоизига эгалик қилади. У Intel, Nvidia, AMD ва Apple каби техногигантларга маҳсулот ишлаб чиқаришда зарур бўлган чипларни етказиб беради. Крис Миллер ўзининг “Чип уруши: Дунёнинг энг муҳим технологияси учун кураш” китобида Тайваннинг яримўтказгич саноатидаги мавқейини нефть саноатидаги Саудия Арабистони эгаллаб турган ўрни билан таққослаган.

Бундан ташқари, қалинлиги 5 нанометр бўлган сўнгги авлод чипларининг деярли 90 фоизини айнан Тайвань ишлаб чиқаради. Шундай қилиб, Тайвань барқарорлиги нафақат минтақавий хавфсизлик масаласи, балки глобал иқтисодиётнинг ўз оёғида тик туриши билан узвий боғлиқдир. Технология дунёсининг катта қисмига эгалик қилувчи Қўшма Штатлар ва Хитой эса бугунги кундаги етакчилик талабидан келиб чиққан ҳолда бу соҳадаги устунлигини мустаҳкам қилишга муттасил уриниб келади. Тайваннинг ягона Хитой сиёсатига бирлашиши эса бу масалани расмий Пекин фойдасига узил-кесил ҳал қилади. Бироқ орол билан олиб борадиган сиёсатида мавҳумлик зоҳир бўлган АҚШ воқеалар ривожининг бундай сценарийсига рози бўла олмайди.

Сиёсий нуқтаи назардан эса Тайвань Хитойнинг бир қисми эканлиги ва бўғознинг икки томони ҳам бир Хитойга тегишли эканлиги ХХР бошқарувчилари томонидан тинимсиз таъкидланиб келинади. Улар бу риторикани миллий ўзликнинг бир эканлиги билан озуқлантиради. Икки томоннинг одамларини қариндошлик ва ўзаро ёрдамга асосланган табиий яқинлик ва миллий ўзига хослик бирлаштириб туриши ҳақидаги гаплар расмий баёнотлардан тушмайди. ХХР элитасида Тайвань ва Хитойнинг бир давлат эканлигига қаратилган жиддий мафкура мавжуд бўлиб, бу – “Хитой Коммунистик партиясисиз Хитой йўқ” деган қарашдир. Аммо айни дамдаги реал вазият бу мафкурани инкор қилади. Чунки Тайваннинг мавжудлиги ХКПсиз ҳам Хитой мавжуд бўлиши мумкинлигидан далолат беради. Сабаби фактик томондан айни дамда ер юзида коммунистик партиясиз ҳам қарор топган бошқа бир “Хитой” ҳам мавжуд бўлиб турибди.

Бу ҳолат Хитойнинг сиёсий амбицияларига мутлақо зид бўлган ҳолатда, унинг репутациясига жиддий путур етказади. Чунки дунё сиёсий шоҳсупасига даъво қилувчи давлатнинг ҳудудий яхлитлиги билан боғлиқ муаммоси борлиги жуда ажабланарли. Ички сиёсий муаммоларни тўлиқ бартараф этмай туриб, “қозон бошидаги давлатлар” билан рақобат қилиш жуда мушкул. Шунинг учун Хитой бу масалани ҳал қилиш жараёнини тезлаштираётгани бежиз эмас. Бироқ бу ҳол юз беришига Қўшма Штатлар энг катта тўсиқ ҳисобланади. Масала Оқ уй Хитой томонидан кўп маротаба таъкидлаб келинаётган “бир давлат, икки тизим” лойиҳасига қанчалик ишонишига боғлиқ. Сабаби, улар Тайвань Коммунистик партия сиёсатига бирлашган тақдирда, ички сиёсатда мустақил бўлиб қола оладими ёки у иккинчи Гонгконгга айланадими, деган саволлар сўроқ остида қолмоқда. 

Кейинги яна бир асосий сабаб иқтисодиёт билан боғлиқ бўлмасада, бевосита мўмайгина даромадга алоқадор. Хусусан, Тайвань билан боғланган сув йўлларидан ҳар йили камида 5,5 триллион АҚШ доллари миқдордаги товарлар импорт ва экспорт қилинади. Бундай улкан даромадни транспортация қилувчи транзитга эга чиқиш Хитойга минтақада мутлоқ карвонбоши бўлишини таъминлайди. Қўшма Штатлар эса Тайвань билан алоқаларни ва унинг мустақиллигини сақлаб қолган тақдирда ҳам бундай улкан имкониятни ўзиники қилиш эҳтимоли жуда паст. Лекин Оқ уй ҳеч бўлмаганда бу устунликка Хитой эга чиқмаслигидан жуда хурсанд бўлган бўларди.

Сининг сўнгги орзуси ва АҚШнинг қўшимча манфаатлари

Коммунистик партиянинг охирги уч декадасида Хитой дунёнинг иккинчи рақамли давлатига айланди. Ўзидан кейинги давлатларни жуда катта фарқ билан ортда қолдирган Хитой турли индекс ва рейтингларда Қўшма Штатлар ёнига жуда яқин жойлашди. XX асрнинг сўнгги йилларида Хитой ўз ялпи ички маҳсулотини 6 баробарга ошриди. “Global Times” маълумотларига кўра, Хитойда ортда қолган 40 йил ичида 800 миллион аҳоли қашшоқликдан чиқарилди. 2020 йилгача бўлган вақт оралиғида иқтисодий, ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан юксалган Хитой ХКП ва ХХРнинг асрлик юбилейларига қадар қўйган мақсадларига муддатидан олдин эришди ва эришиб келмоқда. Хитойга нисбатан чинакам жиддий ва муросасиз куч сифатида қараш Си Цзиньпин давридан бошланди. Айрим қарашларга кўра, Си ХХР раиси сифатида ўз олдига қўйган деярли барча мақсадларга етган. Фақатгина Тайвань мамлакат бошқарувчисининг шонли ва ёрқин тарихидаги қора нуқта бўлиб турибди. Уни Хитойга бирлаштириш Сининг сиёсий мақсад ва вазифалари 100 фоиз бажарилганини англатган бўларди. Айни дамдаги мавжуд вазият Си Цзиньпиннинг миссияси тўлақонли якунланмаганини англатади.

Қўшма Штатларни эса Тайвань билан айрим рақамлар ва яна бир қатор сабаблар боғлаб туради. Статистик маълумотлар нега АҚШ Тайвань билан алоқаларни сақлаб қолгани, зарурат туғулса, уни ҳимоя қилишга ҳам тайёр эканлигига тўлақонли жавоб бўлади. АҚШ Тайвань билан катта ҳажмдаги товар ва хизматлар савдосини олиб боради. Биргина 2022 йилда улар орасидаги савдо ҳажми тахминан 160,0 миллиард долларни ташкил этган. Бу олди-бердиларда экспорт 54,5 миллиард доллар кўрсаткичга етган бўлса, импорт 105,5 миллиард долларни ташкил қилган. Оролда истиқомат қилувчи америкаликлар 2023 йил ҳолатига кўра, 11 мингдан ортиқдир. Ёш демократик давлат сифатида Тайвань АҚШнинг демократик қадриятлар ва инсон ҳуқуқларига содиқлиги билан Оқ уйнинг “муҳаббат”ига сазовор бўлган. АҚШ ҳарбий мулозимларига кўра, Тайваннинг Хитойга яқин жойлашиши уни минтақадаги Хитой экспансионизмига қарши муҳим тампонга айлантиради. Бу ороллар занжири унинг таркибидаги мамлакатларнинг, хусусан, Хитойнинг денгиз кучларини чеклаш учун табиий тўсиқ бўлиб хизмат қилади. Тайваннинг биринчи орол занжиридаги роли минтақавий барқарорлик ва АҚШ, Япония ва Жанубий Корея каби мамлакатларнинг мудофаа стратегиялари учун жуда муҳимдир.

Аммо кўпчилик эътибор қаратмаётган яна бир нуқта мавжуд. Дунёда ҳукмронлик учун кечаётган кескин курашда Оқ уй расмий Пекиннинг концентрациясини сочиб юборишдан манфаатдорлиги бор гап. Тайвань эса Хитойнинг фокусини жалб қилаётган улкан муаммо вазифасини бажариши мумкин. Ўз ичида ўчирилиши керак бўлган учқунга ёғ сепиш орқали Хитойни глобал тирашувдан чалғитиш варианти АҚШ сиёсатидаги корчалонлар томонидан узоқ вақтдан буён амалга ошириб келинаётган лойиҳа бўлиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бу орқали океан орти вакиллари бугунги кунда ўзига ягона муносиб рақиб ҳисобланадиган Хитойни ички муаммолар билан кўмиб, рақобатсиз дунё тартибига қайтиши ёмон ўйланган режа бўлмасди.

Ўзбекистон нима дейди?

Ўзбекистонга келсак, мамлакат расмийлари Тайванни давлат сифатида тан олмаслигини таъкидлаб келади. Ҳокимиятда шаклланган сиёсий қадриятларга кўра, Ўзбекистон дунё давлатларининг ҳудудий яҳлитлигининг қатъий тарафдори ва бу масаладаги позицияси ҳеч қачон ўзгармайди. Мустақиллика эришганидан буён Хитой Ўзбекистон учун асосий ва содиқ ҳамкор ҳисобланади. Бугун жаҳон сиёсатида узоқ йиллик содиқ дўст топиш мушкул бўлган зиддиятли даврда Хитой каби ортиқча шартларсиз қарз ёки бошқа масалаларда ҳамкорлик қилиши мумкин бўлган давлатга маълум даражада эҳтиёж бор. Бундан ташқари, икки давлат ўртасида барпо этилган узоқ йиллик иқтисодий алоқалар, айни дамда Хитойни Ўзбекистон учун энг йирик ҳамкорлардан бирига айлантирган. Қўшимчасига Ўзбекистон учун дунё миқёсида товар ва савдо алмашинуви бўйича Хитой айни дамда биринчи рақамли давлат ҳисобланади. 

Ўз-ўзидан мавжуд реал ҳолатда ўзбек расмийлари бу масала юзасидан миллий манфаатлар доирасида ўзининг керакли муносабатини бермоқда. Хусусан, жорий йилда Тайванда ўтказилган ва дунёнинг каттагина қисми тан олмаган сайловларга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қуйидагича муносабат билдирди:

“Ягона Хитой” тамойилини қатъий қўллаб-қувватлашимиз ва Хитой Халқ Республикаси ҳукумати Хитойнинг ягона қонуний ҳукумати, Тайвань эса Хитой ҳудудининг ажралмас қисми эканини яна бир бор маълум қиламиз”, дейилади ТИВ баёнотида.

Шунингдек, ТИВ Ўзбекистон томони материк Хитой ва Тайвань ороли ўртасидаги муносабатларнинг тинч йўл билан ривожланиши тарафдори эканини таъкидлаган ҳамда ХХР ҳукуматининг мамлакатни бирлаштириш йўлидаги барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирганди.

Умуман воқеликка реал кўз билан қараганда, миллий манфаатлар нуқтаи назаридан Ташқи ишлар идораси томонидан билдирилган ушбу муносабат бугун энг тўғри қарор эканлигини тан олиш лозим.

Уруш бўладими? Ёки ҳозир, ёки ҳеч қачон.

2022 йил охирига келиб, Хитой Ташқи ишлар вазири ва Раис Си Цзиньпин Хитойнинг қайта бирлашиш истагини ва узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган позициясини яна бир бор таъкидлади. Уларнинг фикрига кўра, Тайван мустақил давлат эмас ва у ерда “президент” деб аталадиган шахснинг ўзи ҳам йўқ. Пекин йиллар давомида Тайвань мустақиллигига путур етказиш учун бир нечта тактикадан фойдаланади. Пекин Тайванни дипломатик жиҳатдан изоляция қилишга уриниб, бошқа мамлакатларга Тайпей билан расмий муносабатларни тан олмаслик ёки давом эттирмаслик учун босим ўтказиб келади. Тайванга нисбатан ҳарбий босимни оширган ҳолда, орол яқинида сурункали тарзда ҳарбий машғулотлар ўтказмоқа. Хитой ўзининг бу тажовузкорлиги билан Тайвань мустақиллигини йўққа чиқариш ва Пекин орбитасига қайтаришга ҳаракат қилади.

Лекин Хитой расмийларида Тайванни қайси усулда ўз домига тортиш ва қўшиб олиш тўғрисида саволлар ёки дилеммалар бўлиши керак. Биринчи вариант бу – ҳарбий ҳаракатлар орқали. Чунки Қўшма Штатлар айни дамда Украина ва Исроил масалалари билан банд бўлганда, Пентагон учинчи гибрид фронтни очиши жуда қийинлашади. Агар Хитой Тайванга қарши яқин вақт ичида ҳарбий ҳаракатларни бошласа, АҚШ бу масалада уларга ёрдам берган тақдрида ҳам Яқин Шарқ ва Шарқий Европадаги вазият туфайли Тайванни қўллаб-қувватлаш сифати жуда паст бўлиши мумкин. Шу сабабдан расмий Пекин ихтиёрида жуда кам вақт бор. Бу ўринда иккинчи – тинч йўл билан бирлашиш варианти бугун самарасиз. Чунки айни дамда Тайвань иқтидоридаги “президент” “прогрессив демократик партия” вакили ҳисобланади. Бу партия эса гоминданчилардан фарқли ўлароқ Хитой билан муносабатларда муросасиз тарзда фаолият олиб боради. Вақт жуда қисқалигини ҳисобга олган ҳолда Хитойда биргина ҳарбий йўл қолганини англашимиз мумкин.

Бироқ ҳарбий йўл ҳам муаммосиз ва хавфсиз эмас. Мутахасислар фикрича, Хитой Халқ Озодлик Армияси яқин орада кенг кўламдаги можароларда қатнашмаганлиги сабаб урушга тайёр эмас. Устига-устак, Хитой раҳбарияти, агар улар Тайванни куч билан эгаллашга ҳаракат қилсалар, жиддий санкциялар билан юзлашиши ва халқаро ҳамжамиятдан яккаланиб қолишлари мумкинлигини ҳам йодда тутиши лозим. Хитой ҳукумати санкцияларнинг Россия иқтисодиёти ва халқига таъсирини яхши билади. Аммо Хитой Россия эмас. Бугун уни яккалаб қўйиш хитойликлардан кўра, бу ишни қилганларга жуда катта салбий таъсир қилади. Хитойга нисбатан бундай қадамлар ташлашга кўп давлатларнинг қурби етмаслик эҳтимоли юқори, чунки “дунё фабрикаси”нинг эшикларини ёпиш яхшилик билан тугамайди. Буни можаро атрофидаги барча томонлар жуда яхши англаб туришибди.

Бундан ташқари, Си Цзиньпин бу борада маънавий тўсиққа ҳам дуч келади. Тайванга ҳужум қилиш, Хитой халқига ҳужум қилиш сифатида талқин қилинишини бугун Пекиндаги расмий доиралар жуда яхши англашади. Бу мураккаблик уларни ҳарбий ва иқтисодий оқибатлардан кўра кўпроқ ўйлантириши мумкин. Лекин бу шунчаки саёз тахмин, холос.

Аммо барчага аён бўлган ҳақиқат шуки, Хитой раҳбарлари Хитой коммунистик бошқарувининг 100 йиллиги нишонланиши лозим бўлган 2049 йилгача Тайванни Хитойнинг бир қисмига айлантириш иши якунланишини аниқ таъкидладилар. Бу ердаги муҳим нуқта шундаки, Хитой ўз олдига қўйган стратегиc мақсадларига жуда эрта етиб бориши билан дунё ҳамжамиятини лол қолдириб келмоқда. Хусусан, 2012 йилда Си Цзиньпин ҳокимият тепасига келганда “Хитой орзуси” номли стратегияни эълон қилганди. Унда Коммунистик партиянинг 100 йиллиги нишонланадиган 2021 йилга қадар ўртача фаровонлик даражасига етиш, ХХРнинг 100 йиллик юбилейида эса (2049) дунёнинг ривожланган мамлакатлари қаторидан жой олиши кўзда тутилган эди. Лекин бу мақсадларга анча олдин етиб борилди. Шундан келиб чиқиб, Тайвань масаласининг ҳам ҳал бўлиши 2049 йилгача куттирмаслиги мумкин.

Қўшма Штатлар эса ўз-ўзидан юқорида қайд этилган шу ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда ҳаракат қилиши лозим. Оқ уйнинг бу борадаги хатти-ҳаракатларида унинг кейинги режаларини тахмин қилиш жуда мушкул. Хусусан, 2022 йилда Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси каби юқори мартабали мулозимнинг ташрифи ва катта ҳажмдаги ҳарбий ёрдамлар Қўшма Штатлар Тайвань мустақиллиги учун ҳаракат қилишига ишора қилса, унинг орол билан дипломатик алоқаларининг мавжуд эмаслиги ва муносабатлар норасмий тусдалиги АҚШнинг бу масалада маълум даражада масофа сақлашни хоҳлаётганини билдиради. Бу эса илгари АҚШ Хитойнинг Тайванга бўлган тажовузига қарши “совут” сифатида кўрилган бўлса, эндиликда бу ҳимоя аввалгидек қатъий эмасдек таассурот уйғонишига сабаб бўлмоқда. Шунинг учун айни шароитда Хитой раҳбарлари АҚШнинг аралашишга қодир эмас ёки хоҳламаслигини аниқлашлари керак. Яқинда Жо Байден Хитой оролда куч ишлатса, америкалик ҳарбийлар у ерга киритилиш эҳтимолини истисно қилмади. Бироқ демократлар етакчисининг ҳокимиятдаги умри қисқариб бормоқда. Хитой учун Байдендан кўра ундан кейинги Оқ уй эгасининг вазиятга муносабати муҳимроқ. Бу эса Тайвань масаласида қарор қабул қилиш вақти яна ортга сурилиши мумкинлигидан далолат беради. Бу саволга жавоб топиш уларни якуний қарор қабул қилишларида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Хитой раҳбарияти бундай ҳаракатнинг ички ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий таъсирларини ҳисобга олиши лозим. Бунда Россия улар учун яхшигина параметр вазифасини бажаради.

Аммо бу масаладаги асосий ҳал қилувчи нуқта АҚШнинг қарашлари ва ҳаракатлар режаси қандайлигидир. Америкалик сиёсатчилар ва ҳарбий стратеглар Чин ўлкасининг ҳарбий салоҳияти, ўзлариникидан кам бўлмаган иқтисоди ва энг қимматли ресурс ҳисобланган аҳолисининг потенциали ҳақида чуқур бош қотириши лозим. Чунки, агар улар Хитой Тайванга бостириб кирган тақдирга оролни ҳимоя қилишга қарор қилишса, бу сафар уларни яраланган “қўнғир айиқ” эмас, балки дахшатли ва борган сари қутуриб бораётган “аждар” қарши олади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ўзбекистон Хитой Тайвань

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made