Хитой Тайвань яқинида ҳарбий машғулотларни бошлади

Олам

image

Тайваннинг янги президенти Лай Циндэ лавозимга киришганидан бир неча кун ўтгач, Хитой бўлгинчи провинция деб ҳисоблаган оролга яқин жойда ҳарбий машғулотлар ўтказа бошлади. Бу ҳақда бугун, 23 май куни Хитой Халқ-озодлик армияси Шарқий қўмондонлиги маълум қилди.

ХХР расмийлари Тайвань ороли “Хитой ҳудудининг ажралмас қисми, Тайвань иши эса Хитойнинг ички иши” эканлигини таъкидлаб келади.

23 май куни эрталаб бошланган манёврларда Хитой қуруқликдаги кучлари, денгиз флоти, ҳаво кучлари ва ракета кучлари иштирок этмоқда. Машғулотлар Тайвань бўғозида, Тайвань қирғоқларининг шимоли, жануби ва шарқида, шунингдек, Тайвань назоратидаги Цзиньмэнь, Мацу, Уцююй ва Дунъинь ороллари атрофидаги ҳудудларда бўлиб ўтади ва 24 май куни кечқурунгача давом этади. 

“Бу, шунингдек, Тайвань мустақиллиги тарафдорларининг сепаратистик ҳаракатлари учун қаттиқ жазо ҳамда ташқи кучлар аралашуви ва провокацияларидан қаттиқ огоҳлантиришдир”, дея ХХР армияси Шарқий қўмондонлиги расмий вакилининг баёнотидан иқтибос келтирган "Reuters"агентлиги.

Машқлар денгиз ва ҳаво кучларининг жанговар тайёргарлигини биргаликда синовдан ўтказиш ва асосий нишонларга зарба беришни ўрганишга қаратилган.

20 май куни Тайпэйда январь ойи ўрталарида бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозонган Тайваннинг янги президенти Лай Циндэнинг инаугурацияси бўлиб ўтди. Тайвань Демократик тараққиёт партиясининг янги раҳбари ўз нутқида Хитойни таҳдид қилишни бас қилишга ва мустақилликни сақлаб қолиш учун “Тайвань халқининг танловини ҳурмат қилишга” чақирди. У, шунингдек, "Хитой билан тинч мулоқотга интилишини" ва икки томонлама муносабатларни тиклашини айтди ва "Хитой Республикасидаги Тайваннинг келажаги унинг 23 миллион аҳолиси томонидан белгиланишини" таъкидлади.

Пекин Лай Циндэни қатъий сепаратист деб билади ва унинг сайланишини "уруш эълон қилиш" билан боғлайди. Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И Лайнинг нутқини “уятли” деб атаган, Тайваннинг мустақилликка эришишга бўлган барча уринишлари боши берк кўчага олиб келишини таъкидлаган.

Хитой АҚШнинг бир қатор мудофаа муаммоларига қарши санкциялар киритди
20 май куни Хитой Тайваннинг янги президенти Лай Циндэнинг инаугурацияси арафасида АҚШнинг яна учта мудофаа компаниясига нисбатан санкциялар жорий қилди. “Ишончсиз корхоналар” рўйхатига Boeing'нинг мудофаа ва космик бўлинмалари, шунингдек, General Atomics Aeronautical Systems ва General Dynamics Land Systems киради. Бу компанияларга Хитойга янги сармоя киритиш, уларнинг раҳбарларига эса Хитойга кириш тақиқланган.

Хитой яқинда Тайванга қурол етказиб берувчи Америка корхоналарига қарши бир қатор санкциялар жорий қилди. 2023 йил сентябрь ойида Lockheed Martin ва Northrop Grumman'га қарши жазо чоралари қўлланилган эди. Январь ойида яна бешта Америка фирмаси қора рўйхатга киритилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Тайвань

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг