Хитойдаги парад АҚШга қарши фитнами?
Таҳлил
−
03 Сентябрь 7136 5 дақиқа
Хитой Раиси Си Цзиньпин бугун, 3 сентябрь куни энг йирик ҳарбий парадда чиқиш қилиб, дунё тинчлик ёки уруш орасидаги танлов қаршисида турганидан огоҳлантирди. Унинг ёнида Россия Президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ўтирди.
Иккинчи Жаҳон урушида Япониянинг мағлуб бўлганига 80 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган бу тантанали тадбир Ғарб томонидан деярли байкот қилинди. Украина уруши ва Кимнинг ядровий дастурлари туфайли Ғарбда яккалланган Путин ва Ким эса параднинг асосий меҳмонлари бўлди. Куни кеча Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида кенг иштирок этганига қарамай, бир қанча етакчилар парадга қолмади. Ҳиндистон Бош вазир Нарендра Моди, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Миср Бош вазири Мустафо Мадбули ҳам тадбир олдидан Хитойни тарк этди. Улар парадга қуйироқ лавозимдаги вакилларини юборди. Бу шуни англатадики, Ғарб билан алоқаси бўлган кўплаб давлатлар ҳарбий қудратнинг очиқ намоён бўлишидан эҳтиёт бўлиб, Хитой ҳарбий парадларига боришдан ўзини тийган.
Юқорида таъкидлаганимиздек, аксарият Ғарб давлатлари тадбирда қатнашишдан бош тортди. Уларнинг қарори Пекин билан давом этаётган кескинликни, хусусан, Хитойнинг Украинадаги уруш пайтида Россияни қўллаб-қувватлагани, ўсиб бораётган мудофаа саноати ва глобал савдо баҳсларида қарама-қарши позициясини акс эттиради.
Хитойнинг ҳарбий қудрати ва дипломатик нуфузини намойиш қилишга қаратилган парад АҚШ Президенти Дональд Трампнинг савдо тарифлари ва беқарор сиёсати фонида Хитойнинг ҳам иттифоқчилари, ҳам рақиблари билан муносабатларига салбий таъсир қилаётган бир пайтга тўғри келди.
“Бугун инсоният тинчлик ёки уруш, мулоқот ёки тўқнашув, ғалаба ёки йўқотиш танлови олдида турибди. Хитой халқи эса тарихнинг тўғри тарафига қатъий турибди”, деди Си Цзиньпин Тяньаньмэнь майдонидаги 50 мингдан зиёд томошабинга мурожаат қилиб.
Усти очиқ кабриолетда Си Цзиньпин қўшинларни ва намойиш этилган замонавий ҳарбий техника — ракеталар, танклар ва дронларни кўздан кечирди. Ҳавода эса улкан байроқларни кўтарган вертолётлар ва қаторма-қатор парвоз қилган қирувчи самолётлар намойиш қилинди. Парад 70 дақиқа давом этди ва унинг якунида 80 мингта тинчлик рамзи бўлган оқ кабутар ва турли рангли шарлар ҳавога қўйиб юборилди.
Си Цзиньпин парадга "Мао Цзэдун" услубидаги костюмда чиқди ва қизил йўлакда рафиқаси Пэн Лиюань билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси Зироатхон Мирзиёевани ҳам қарши олди. Ўзбекистон Президентининг Пекин шаҳридаги тантанали тадбирларда иштироки мамлакатнинг минтақавий ва глобал даражада конструктив мулоқотни ривожлантиришга қаратилган изчил ташқи сиёсатининг навбатдаги тасдиғи бўлгани айтилади.
Трибуналарда эса Путин ва Ким Чен Ин орасида ўтирган Си Цзиньпин қўшинлар ва техника уларнинг олдидан ўтар вақти етакчиларнинг суҳбати давом этди.
Шундай бир пайтда АҚШ раҳбари Дональд Трапм улардан хафалигини билдирди.
“Илтимос, Владимир Путин ва Ким Чен Инга менинг энг самимий саломларимни етказинг, чунки сизлар АҚШга қарши бирга ҳаракат қилаяпсизлар”, деб ёзди АҚШ Президенти Дональд Трамп парад бошланган пайтда Truth Social ижтимоий тармоғида.
Шу билан бирга, у АҚШнинг Хитойни Япониядан озод қилишдаги ҳиссасини алоҳида таъкидлади. Трамп парадни АҚШга қарши чақириқ сифатида кўрмаганини билдирди. Япония ҳукумати матбуот котиби эса парад ҳақида изоҳ беришдан бош тортди ва икки давлат “конструктив муносабатлар”ни ривожлантираётганини таъкидлади.
Янги глобал тартиб
Си Цзиньпин Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабани “Хитой миллатининг буюк тикланиши”даги бурилиш нуқтаси сифатида таърифлаб, мамлакатнинг иқтисодий ва геосиёсий қудратга айланишига олиб келганини таъкидлади.
Шу ҳафта бошида Си ШҲТ саммитида янги глобал тартиб ҳақидаги қарашини тақдим этиб, “гегемонизм ва куч сиёсати”га қарши бирликка чақирди. Бу эса океан ортидаги рақибига — АҚШга янгидан-янги ишора эди.
“Си ўзини ишонч билан ҳис қиляпти. Энди руль Хитой қўлида. Халқаро тизимдаги асосий беқарорлик манбаи Хитойнинг “қўпол дипломатияси” эмас, балки Трампнинг бирёқлама сиёсати бўлиб қолди”, деди Тайванда жойлашган Atlantic Council таҳлил маркази тадқиқотчиси Вен-Ти Сунг.
Кўплаб таҳлилчилар эса Си, Путин ва Ким ўртасидаги учрашувлар Хитой, Россия ва Шимолий Корея орасида янада яқин ҳарбий ҳамкорликка олиб келиши мумкинлигини кузатмоқда. Бу эса Осиё-Тинч океани минтақасидаги ҳарбий вазиятга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлигини англатади.
Путин параддан фойдаланиб, Хитой билан янги энергетика келишувларини имзолади. Ким Чен Ин эса ўзининг тақиқланган ядровий дастури учун кўмак топиш имкониятини қўлга киритди.
Ким Чен Ин илк бор йирик кўп томонлама тадбирда қатнашди ва 66 йил ичида Хитой ҳарбий парадида қатнашган илк шимолий кореялик раҳбарга айланди. Унинг қизи Чжу Э ҳам отаси билан Пекинга келди, аммо у парадда Ким Чен Ин билан кўринмади. Жанубий Корея разведкаси Чжу Эни Шимолий Кореянинг бўлажак раҳбари деб тахмин қилади.
Ҳарбий ислоҳот ва парад аҳамияти
Маълумки, сўнгги икки йилда Си Цзиньпин Халқ Озодлик Армиясидаги кўплаб юқори лавозимли генералларни коррупцияга қарши кураш давомида лавозимдан четлатди.
“Парад Сига Хитой армиясининг замонавий техникада қўлга киритган катта ютуқларига дунё эътиборини қаратиш имкониятини берди. Шу билан бирга, армиядаги давомли тозалаш жараёнларини ва юқори қўмондонлар орасидаги муаммоларни ёпиб туришга хизмат қилди”, деди АҚШдаги Brookings Institution таҳлилчиси Жон Цзинь.
Мутахассислар фикрича, парад фақат ташқи дунёга куч намойиш қилиш эмас, балки мамлакат ичида миллий ғурур ва ватанпарварлик кайфиятини кучайтириш мақсадини ҳам кўзлаган.
Си ўз нутқида Хитой миллатининг тикланишини “тўхтатиб бўлмайдиган жараён” деб атади. Мамлакат бўйлаб давлат хизматчиларига парадни кўриб, ўз фикр-мулоҳазаларини ёзиш топширилди.
Парад учун барча нарса синчиклаб тайёрланди. Пекинда асосий йўллар ва мактаблар ёпилди, кечаси машқлар ўтказилди. Бутун мамлакат бўйича минглаб кўнгиллилар ва Коммунистик партия аъзолари тадбир атрофидаги вазиятни назорат қилиш учун жалб этилди.
Live
Барчаси