Хитой НАТОга: кимдир бизга “тизимли муаммо” туғдирса, бефарқ қолдирмаймиз
Олам
−
15 Июнь 2021
5472Хитой Халқ Республикаси НАТОни “Хитой таҳдиди” ҳақидаги турли хил назарияларни авж олдиришни тўхтатишга чақирди. Пекин бошқа давлатлар учун “тизимли муаммолар” яратишга интилмайди. Бу ҳақда ХХРнинг Европа Иттифоқидаги миссияси баёнотида айтилган.
Хитой миссияси НАТОнинг Брюсселдаги саммити пайтида ХХРга қарата айтилган бундай баёнотларни Хитойнинг тинч ривожига туҳмат деб атаган.
“Бу халқаро вазиятни ва унинг (ташкилот — таҳр.) ролини нотўғри баҳолашдир. Асосан эса бу совуқ уруш менталитети ва блок сиёсати психологиясининг давомидир”, дейилган миссия баёнотида.
Ҳужжатда Хитой Халқ Республикасининг миллий мудофаа ва армияни модернизация қилиш соҳасидаги ютуқлари оқилона, қонуний, очиқ ва ошкора экани таъкидланган. Қайд этилишича, жорий йилда давлат мудофааси бюджети 1,35 триллион юанга (тахминан 209 миллиард доллар) етиб, ЯИМнинг 1,3 фоизини ташкил этган, бу эса НАТО бюджетининг икки фоизидан ҳам камроқ.
Хитой бу йил НАТОга аъзо 30 давлатнинг умумий ҳарбий харажатлари 1,17 триллион долларни ташкил қилиши кутилаётганига эътибор қаратган, бу бутун дунё ҳарбий харажатларининг ярмидан ва Хитойникидан 5,6 баравар кўп деганидир.
“Охир оқибат, бутун дунёдаги одамлар Ер юзи бўйлаб кимнинг ҳарбий базалари жойлашгани ва кимнинг авиаташувчилари ўз кучларини намойиш қилаётганини аниқ кўришлари мумкин”, дейилган баёнотда.
Шу билан бирга, Хитой бошқалар учун “тизимли муаммолар” яратмоқчи эмаслигини, аммо кимдир ХХРга “тизимли муаммо” ташламоқчи бўлса, мамлакат бефарқ қолмаслигини таъкидлаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь