АҚШ ва Россия Хитойга қарши бирлашадими?
Олам
−
14 Июнь 2021
8179Америка Қўшма Штатлари расмий Пекинга босимни кучайтириш учун Россияни Хитойдан узоқлаштира олмайди. Бу ҳақда Россия Федерациясининг Хитойдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Андрей Денисов “Global Times” газетасининг Хитой нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Суҳбат пайтида АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти барча кучларни Хитойга қарши йўналтириш учун Россия-Америка муносабатларидаги кескинликни камайтиришга уриниши мумкин, деган фикрга нисбатан элчи Денисов қуйидагича жавоб қайтарган:
“Бу узоқни ўйламай юритилган фикрлардир. Бундай (Хитойга босим қилиш учун АҚШ-Россия ўртасидаги кескинликнинг камайиши назарда тутилган — таҳр.) бўлиши мумкин эмас. Менимча, биз америкаликлар ўйлагандан кўра ақллироқмиз”.
Хитой ва АҚШ ўртасида қуролли тўқнашув юз берса, Россия қандай позицияни эгаллайди, деган саволга элчи Денисов “бунда позиция танлаш шарт эмас”, деб жавоб берган.
“Бу саволга жавоб йўқ. Чунки бир нарсага ишончим комил, Хитой ва АҚШ ўртасида қуролли тўқнашув бўлмайди, худди шундай Россия ва АҚШ ўртасида ҳам. Чунки бундай тўқнашув бутун инсониятни йўқ қилади”, дея таъкидлади элчи.
Қайд этиш керакки, элчи Денисов “қуролли тўқнашув бутун инсониятни йўқ қилади”, деб ҳар уччала давлатнинг ҳам ядро қуролига эга эканини назарда тутган.
Шунингдек, Россия элчиси расмий Москванинг позицияси Хитойга яқинроқ эканини айтган.
“Агар сиз халқаро вазиятни баҳолаш ва энг муҳим муаммолар тўғрисида сўрасангиз, унда Россиянинг позицияси Хитойга анча яқин эканлиги аниқ”, дея қўшимча қилди элчи.
Денисовнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда АҚШ ҳам Россияга, ҳам Хитойга қарши санкциялар қўллаган.
“Американинг Россия ва Хитойдан норозилигининг кўлами ва мазмуни бир-биридан фарқ қилса-да, АҚШнинг мақсади битта: рақибни тор-мор этиш. Шубҳасиз, биз АҚШнинг бундай муносабатини қабул қила олмаймиз. Умид қиламанки, Россия-Хитой-АҚШ учбурчагида мувозанат сақланиб қолади”, дея хулоса қилди дипломат.
Маълумот учун, юқорида Россиянинг Хитойдаги элчиси Денисовнинг қайд этганидек, расмий Москванинг бир қатор халқаро масалалардаги қарашлари ва тутган позицияси расмий Пекинникига яқин ва ўхшаш. Буни икки давлат ўртасидаги алоқаларда ҳам кўришимиз мумкин. Масалан, Россия ва Хитой давлат раҳбарлари турли хил халқаро ташкилотларнинг саммитлари доирасида йилига камида 5 маротаба учрашади. Мисол тариқасида BRICS, Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотини олишимиз мумкин.
Шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги муносабатлардан ташқари икки томонлама алоқалар ҳам яхши йўлга қўйилган. Хусусан, 2009 йил Хитойда рус тили йили, 2010 йил Россияда хитой тили йили деб эълон қилинган. Бундан ташқари, Хитойнинг ҳозирги лидери Си Цзиньпин ҳукумат тепасига келганидан сўнг, биринчи бўлиб айнан Россияга ташриф буюрган.
LiveБарчаси