Хитой Москва ва Киевни музокарага чақирди
Олам
−
04 Март
6622Пекин Москва ва Киевни жангларни тугатиш бўйича музокаралар сари ундаш учун янги дипломатик саъй-ҳаракатларни амалга оширяпти. Бу ҳақда “Euronews” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Пекиннинг Евросиё масалалари бўйича махсус вакили Ли Хуэй Москвада Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин билан учрашган. Суҳбат якунида улар Украинадаги жанговар ҳаракатларни тўхтатишнинг ягона йўли музокара, деган фикрга келган.
“Сиёсий ва дипломатик келишув бўйича ҳар қандай мунозаралар Россия иштирокисиз олиб борилиши мумкин эмас, шу билан бирга, Киев ва Ғарб томонидан Россияга қўйилган ультиматумлар ва тегишли мулоқот форматлари фақат келишув истиқболларига зарар етказади”, дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Маълумот учун, Ли Хуэй яна Украина, Франция, Германия ва Брюсселга боришни режалаштирмоқда. Ўтган йилнинг май ойида у шунга ўхшаш саёҳатни амалга оширганди, аммо бу уринишлар муваффақиятсизлик билан тугаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нинг 1 март куни бўлиб ўтган брифингда барча томонларни вазминликка чақириб, ядровий урушда ҳеч ким ғолиб бўлмаслигини таъкидлаганди.
Райҳона Улканбаева
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь