Хитой Марказий Осиёга қайтариш шартисиз 210 млн доллар беради

Олам

image

Хитой Марказий Осиё мамлакатларига 1,5 миллиард юанга тенг (тахминан 210 миллион доллар) миқдорида грант ажратади. Бу ҳақда кеча, 17 июнь куни мамлакат раҳбари Си Цзиньпин Қозоғистонда ўтказилган “Марказий Осиё – Хитой” саммитида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу маблағ ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларига йўналтирилади. Мақсад – минтақанинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва Пекин билан ҳамкорликни чуқурлаштириш.

Хусусан, мазкур маблағлар Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда одамларнинг ҳаёт шароитларини яхшилаш ҳамда ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларга йўналтирилади.

“Биз шу йили беш мамлакатда аҳолининг фаровонлигини ошириш ва уларнинг мустақил ривожланишига кўмаклашишга қаратилган муҳим лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун 1,5 миллиард юанга тенг беғараз грант ажратишга тайёрмиз”, дейди Си Цзиньпин.

Шунингдек, Хитой кейинги икки йил учун 3000 та таълим квотаси ажратади. Минтақа фуқаролари турли соҳалар бўйича бепул курсларда ўқиш имкониятига эга бўлади. Бу малакали кадрларни тайёрлаш ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Маълумот учун, “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасидаги биринчи саммит 2023 йил май ойида Хитойнинг Сиань шаҳрида бўлиб ўтган. Ўша пайтда ҳам Хитой 26 миллиард юанга тенг ёрдам ва инвестициялар ажратилишини, унинг савдо алоқаларини енгиллаштириш, инвестицион битимларни янгилаш ва “Марказий Осиё – Хитой” газ қувурини қуриш каби мақсадлар учун мўлжалланганини эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу саммит доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин музокара ўтказгани хабар қилинганди. Музокарада икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Си Цзиньпин Марказий Осиё – Хитой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг