Хитой қўшниларини сувсиз қолдирмоқчими?
Таҳлил
−
22 Декабрь 1425 6 дақиқа
Хитой – бу тарихан мегалойиҳалар ватани. Қадимдан иқтисодий ва демографик бой бўлган ушбу давлат ўз даври учун мўъжизавий ҳисобланган улкан лойиҳаларни амалга ошириб келган ва ушбу қудратини мана неча минг йилдирки ўзида сақлаб келмоқда. Ҳали америкалик ёки европаликлар бир бўлак тош билан ҳайвонлар ортидан қувиб юрган бир пайтда Шарқда Буюк Хитой девори ёки Буюк канал каби минглаб километрларга чўзилган иншоотлар барпо қилинган эди. Хитойликлар катта режалар учун катта қубронликлар қилишга тайёр бўлган ноёб халқдир. Ўз вақтида бундай улкан қурилишлар оқибатида миллионлаб оддий халқ ўлиб кетган ва шу сабаб ҳам Буюк Хитой девори тарихда – “Энг узун қабристон” деган рамзий ном билан қолган.
Ҳозирги кунга келиб ҳам демократик имиж бўйича мақтана олмайдиган хитойликлар Чэнду компаниясининг “сунъий қуёши”, Тиангонг Космик Станцияси ёки ФАСТ – 500 метр диафрагмали сферик телескоп каби фантастик лойиҳалар билан дунёни ҳайратга солишда давом этмоқда. Манашундай мегалойиҳалардан бири дунёнинг энг қудратли Гидроэлектростанцияси бўлиши кутилаётган – Медог ГЭСи.
Тоғдаги тўғон

Ярлунг Цангпо – Тибет тоғларидан бошланувчи ва Ҳимолай тоғларининг шимолий тизмалари бўйлаб ғарбдан шарққа қараб оқиб ўтувчи дарё. Ушбу дарё халқ орасида “Осмон дарёси” номи билан ҳам машҳур бўлиб, бунга сабаб дарёнинг асосий қисми тоғлар оралаб ўтган. Дарё уч мамлакатни сув билан таъминлайди, Ҳиндистондаги қисми – Браҳмапутра, Бангладешдаги қисми эса – Жамуна номлари билан аталади.
Хитой янги иншоотни дарёнинг Ҳимолай тоғларининг шарқий чеккасида жойлашган Намча Барва чўққисини айланиб ўтиб, жанубга – Ҳиндистон томонга кескин буриладиган қисмида қуришни режа қилган. Бунга асосий сабаб – қисқа масофада дарё сатҳининг кескин, 2000-2500 метрга пасайиши жуда катта кинетик энергия ҳосил қилиши.

Лойиҳа ташкил этилаётган ҳудуд маъмурий жиҳатдан Хитойнинг Тибет автоном вилоятига қарашли Медог округида бўлгани учун маълумотларда янги объектни “Медог ГЭСи” ёки “Мотуо ГЭСи” номлари билан аталмоқда. 2024 йил декабрь ойида режалаштирилиши бошланган ушбу мегалойиҳа дастлаб сир сақланган эди. Кейичалик 2025 йил 19 июлда қурилиши расман бошланган бўлиб, 40 мингдан ортиқ мутахассис иш олиб бормоқда.
Хитой баҳайбат “махлуқ” қурмоқда
Хитой – катта бозор. Дунё аҳолисининг қарийб 17 фоизи истиқомат қилувчи ушбу давлатнинг электрга бўлган эҳтиёжи ҳам шунга мақбул равишда жуда катта. Йиллик қувват истеъмоли таҳминан 10 триллион киловатт/соат бўлган мамлакатнинг ишлаб чиқараётган электр энергиясидан қарийб 55-60 фоизини иссиқлик электростанциялари ташкил қилади. Кўмир ёқиш натижасида энергия ишлаб чиқариш нафақат табиий ресурсларга ортиқча юк, балки экологияга ҳам сезиларли таъсир қилади. Ер шари атмосферасига чиқаётган заҳарли СО2 газининг деярли 33-34 % миқдори фақатгина Хитойнинг ўзига тўғри келиши ҳам давлатнинг келгусидаги энергия таъминоти бўйича методларини ўзгартириши кераклигига сигнал бермоқда.

Мавжуд муаммоларни инобатга олган ҳолда Хитой маъмурияти мамлакатда қайта тикланувчи, яшил энергия станцияларига кўпроқ инвестициялар кирита бошлади. Шу жумладан, 2000 йилдан буён 193 та ГЭС лойиҳасини бошлаган бўлиб, улар орасидаги энг йириги “Уч дара” ГЭСи нафақат Хитойда, балки дунёдаги энг катта ГЭС ҳам ҳисобланади. Ушбу Янцзи дарёси бўйида қурилган ГЭСнинг қуввати 22 500 Мегаватт қувватга эга ҳисобланади. Аммо эндиги қурилиши бошланаётга Медог ГЭСи дунёнинг энг қудратли ГЭСидан таҳминан 3 баробар қувватлироқ бўлиши таҳмин қилинмоқда. Инсоният тарихидаги энг қудратли ГЭС бўлиши кутилаётган Медог станциясининг режалаштирилган йиллик қуввати 300 миллиард киловатт-соатни ташкил этиши айтилмоқда.

Хитойнинг Power Construction Corporation давлат қурилиш корхонаси томонидан амалга оширилаётган ушбу мегалойиҳа амалдаги рекордчидан деярли тўрт баробар кўпроқ инвестиция жалб қилган бўлиб, 167-170 миллиард АҚШ долларга баҳоланмоқда. Дунёнинг энг сейсмик фаол минтақасидан оқиб ўтувчи дарёда бундай катта сув иншоотини қуриш шубҳасиз ҳар қандай давлат ғазнасига қимматга тушади, аммо дарёнинг кескин бурилган жойида нақ 5 та улкан станцияни ўз ичига олувчи ГЭС бир вақтнинг ўзида дарё оқимидан икки март фойдаланиш имконини бериши кўзга тутилган. Бундай улкан “махлуқ”ни қуриш орқали Хитой иқлим ўзгаришини секинлаштириши ва бошқа турдаги экологик муаммоларни олдини олиши мумкин.
Катта лойиҳа – катта муаммолар
Табиат давлатлар чегараларидан олдин яралган. Хитойнинг энергетика тизими учун муҳим бўлган дарё фақатгина Хитойнинг мулки эмас. Ҳиндистон ва Бангладеш ҳам ушбу дарёга бирдек ҳақлидир. Трансчегаравий сув йўллари доимо баҳсли ва мураккаб мавзу бўлиб келган. Хитойнинг янги лойиҳаси ҳам айнан шундай муаммога дуч келмоқда.

Бир пайтнинг ўзида Ҳиндистон ва Бангладешни сув билан таминлаб турувчи дарё ҳавзасида тўғон қуриш Хитойнинг қўшнилари билан алоқаларини ёмонлаштириши мумкин. Чунки бу орқали агар Хитой сув ресурслари устидан назорат ўрнатса, қўшнилар шубҳасиз у билан савдолашишига тўғри келади. Бундан ташқари, ҳисоботларга кўра, улкан қурилиш ишлари учун Намча Барва тоғи орқали камида тўртта 20 км узунликдаги туннель қазиш керак бўлади, бу эса Тибетнинг энг узун дарёси бўлган Ярлунг Цангпо оқимини бошқа томонга йўналтиради. Гарчи Бангладеш ёки Ҳиндистон учун ушбу сув йўли ягона манба бўлмаса-да, дарё ёқасидаги маҳаллий халқнинг кундалик ҳаётида унинг ўрни катта. Дарёга яқин ҳудудларда яшовчи аҳолининг турмуш тарзи у билан чамбарчас боғлиқ. Бундан ташқари, логистика масаласи ҳам асосий омиллардан бири. Бангладешликлар ҳаётида балиқ ва балиқчилик тирик қолишнинг ягона йўли. Агар Хитой дарё йўлини тўсиб қўйса уларнинг шусиз ҳам оғир ҳаётида яна муаммолар пайдо бўлади.
Экологлар Хитойнинг янги мегалойиҳаси дарё яқинидига биологик хилма-хилликга жиддий зарар етказиши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирмоқда. Тибет платосидаги флора ва фауна дунёси ниҳоятда бой ва ноёб, кўпчилик фаоллар дарё йўлининг ўзгариши ушбу биологик муҳитни нобуд қилиши мумкинлигидан хавотирда.
Таниқли геолог ва “Дибругарҳ” университетининг нафақадаги профессори доктор Жогендранат Шарма сейсмик фаол минтақада жойлашган ушбу лойиҳа Ассамнинг қуйи оқими учун жиддий хавф туғдириши, жумладан, экологик бузилиш ва зилзила содир бўлган тақдирда юзага келиши мумкин бўлган фалокатлардан огоҳлантирди. Хитой эса барча танқидларга бепарволик билан лойиҳанинг экологик жиҳатдан пухта ўрганилганини такрорлаб келмоқда.
Янги ГЭС нафақат қўшнилар билан балки Хитойнинг ичида ҳам кўплаб норозиликларга сабаб бўляпти. Лойиҳанинг асосий қисми Тибет минтақасида амалга оширилаётгани туфайли мазкур ҳудуддаги туб жой аҳолисини мажбуран бошқа шаҳарларга кўчирилмоқда. Аниқ кўчирилган аҳоли сони ва уларнинг қаерга кўчирилгани ҳақидаги маълумотлар очиқланмаган, аммо ижтимоий тармоқда ўз туғилиб ўсган уйини ташлаб кетишни хоҳламаётган аҳолининг норозилик кайфиятидаги видеолари кенг тарқалишга улгурди.
Умуман олиб қараганда, янги мегалойиҳа ўзи билан бирга янги муамоларни олиб келди. Даранинг тик ва тор, қурилиш учун ноқулай бўлган ҳудудида бундай катта иншоотни қуриш бир муаммо бўлса, қўшнилар ва маҳаллий аҳоли томонидан билдирилаётган эътирозлар яна бир муаммо. Халқаро танқидларнинг сони эса беҳисоб.
Бироқ Хитой маъмурияти қарорлари ҳақида ҳисоб бериш билан машҳур эмас. У ушбу лойиҳани бошлаган экан, ҳар қандай танқид-у-эътирозларга қарамай, ўз мақсадини амалга оширади. Агар лойиҳа амалга ошса, Ҳиндистон билан ўртадаги муносабатларга ҳам дарз кетиши ҳеч гап эмас, аммо Хитой ташқи сиёсати шу вақтгача жиддий агрессив позиция намоён этмаган, шундай экан ГЭСнинг қурулиши тўғрисида қўшнилар билан консенсусга келинишига умид бор.
Live
БарчасиПутин Имомали Раҳмонга таъзия билдирди.
22 Декабрь